Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган Чилонзор кўчасидаги Dream House Stroy компаниясига ажратилган ва метал девор билан ўраб олинган 0,2 гектар майдонда бир кечанинг ўзида 58 та дарахт кесиб ташланди. Дарахтлар йўқотилаётгани ҳақида яна фуқаролар орасидаги фаоллар бонг ура бошлашди.

Майдон дарахтлар кесилгунча шундай кўринишда бўлган. Фото: t.me/iabajur.

Тармоқларда бу ҳақда хабар тарқалганидан кейингина воқеа жойига Тошкент ҳокимлиги ва Давлат экология қўмитаси вакиллари етиб келишди, сўнг қўмита раҳбари ўринбосари Исломбек Боқижонов бошчилигидаги махсус ишчи гуруҳ тузилди.

Қўмита маълум қилишича, дарахтар 20 январь куни экологлар томонидан хатловдан ўтказилган ва далолатнома расмийлаштирилган. Шу ҳужжат билан «DREAM HOUSE STROY» ташкилотига дарахтларни кесмаслик ва дарахтларни сақлаб қолиш юзасидан қонунчиликка белгиланган тартибда огоҳлантириш берилган, шунингдек корхона вакиллари томонидан дарахтларга нисбатан ноқонуний ҳаракатларни амалга оширмаслик юзасидан 20 январда кафолат хати тақдим этилган.


Фото: Давлат экология қўмитаси.

2022 йил 17 февралида компания томонидан ягона дарча хизмати маркази орқали ҳудуддаги дарахтларни кесиш юзасидан ариза билан мурожаат этилган. Тошкент шаҳар Экология бошқарма томонидан ариза атрофлича ўрганилиб, дарахтларниг кесилиши борасида рад жавоби берилган.

Махсус ишчи гуруҳ томонидан тунда олиб борилган ўрганиш ишлари жараёнида қурилиш компаниясига тегишли ер майдонидаги жами 58 дона ҳар хил турдаги манзарали ва мевали дарахтлар илдиз қисмлари билан биргаликда йўқ қилинганлиги аниқланган. Дарахтларни муҳофаза қилиш ва сақлашга доир қонунчиликда белгиланган чораларни кўрмаганлиги натижасида ўсимлик дунёсига жами 797 700 000 сўм миқдорида зарар етказилган.

Бу билан, Ўзбекистоннинг «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 37-моддаси талаблари бузилиб, Давлат экология инспекторларининг қонуний талабларини бажармаганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197−6-моддаси (экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, шунингдек унинг кўрсатмаларини бажармаслик), Жиноят кодексининг 198-моддасига (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) асосан жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди, дейилади хабарда.

Чилонзор ҳокимлиги хабарига кўра, айни манзилда Чилонзор тумани ҳокимлиги томонидан майдонни текислаб тартибга келтириш ва кесилган дарахтлар ўрнига 69 дона ҳар хил турдаги манзарали дарахтларни экиш ишлари олиб борилмоқда. Туман маъмурияти эълон қилинган суратлардан эса кўчатлар аллақачон экилганини кўриш мумкин. «Шунингдек, қурилиш ташкилоти томонидан ўрнатилган ўралма тўсиқлар (забор) ҳам олиб ташланиб, ҳудуд ободонлаштирилмоқда», — дейилади хабарда.

Фото: Чилонзор туман ҳокимлиги.

Таъкидлаш жоиз, кесиб ташланган дарахтлар Чилонзор туман прокуратурасининг рўпарасида жойлашган. Август бошида Чилонзор кўчасини кенгайтириш баҳонасида 101 туп дарахтга шикаст етказилганди. Ушбу можаро хабари давлат раҳбаригача етиб борганди. Президент топшириғига асосан Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлонов ва прокурори Иззат Бозоров ишдан бўшатилганди. Қолаверса, пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва прокурори Улуғбек Қосимовга қаттиқ ҳайфсан берилганди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 30 декабрдаги фармони билан мамлакатда дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилинди. Шунга қарамасдан ҳудудларда дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари давом этмоқда.

Мисол тариқасида, январь ўрталарида Андижон вилояти перинатал марказида 12 туп дарахт кесиб ташлангани ҳақида ёзган эдик. Ўшанда Ўзбекистон Экология давлат қўмитаси «дастлабки тергов натижаларига кўра, ҳудуддаги дарахтларни кесиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органи билан келишилмаган. Мазкур ҳудуддаги дарахтларни кесишга қонунчиликда белгиланган тартибда экология органи хулосаси ва рухсатнома берилмаган», — деб маълум қилган эди.

Бундан ташқари, 3 ферваль куни Тошкентнинг Юнусобод туманида Амир Темур ва Чинобод кўчалари чорраҳаси ёнида жойлашган кўп қаватли уйлар билан автомобиль йўли орасидаги дарахтларга учинчи маротаба суиқасд қилингани ҳақида ёзгандик. Тадбиркор соат 18:13 да бетон аралаштирувчи машина ва 15 га яқин ишчилар билан келиб, дарахтлар тагини бетонлаб ташлади. Унинг бу ҳаракатлари видеокузатув камераларига тушиб қолган. Аҳоли мурожаатига кўра, «Газета.uz» воқеа жойига етиб бориб, видеорепортаж тайёрлади.

Қолаверса, август ойи охирида эса экологлар беш йиллик реконструкциядан сўнг, қайта очилган Миллий боғдаги дарахтларга зарар етказилгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.