Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси реконструкциядан беш йил ўтиб очилган Миллий боғдаги дарахтлар ҳолатини ўрганиб чиқди. Журналист Илёс Сафаровнинг ёзишича, боғни реконструкция қилиш жараёнида ҳудуддаги кўплаб кўп йиллик дарахтлар шикастланган.


Илёс Сафаров (ўнгда).

«[Зарар] туфайли ҳозир кўплаб чинор, эманлар бутунлай қуриш ҳолатига келиб қолган. Айримлари қурибди ҳам (буни яшириш учун уларга чироқлар осиб чиқишган). Миллий боғга зудлик билан малакали агрономлар ва дарахтлар учун агротехник тадбирлар керак. Агар иш озгина кечиктирилса, биз ўнлаб кўп йилик дарахтларни йўқотамиз», — деб ёзади у.

Журналист, шунингдек, собиқ «Комсомол» кўлининг майдони сезиларли даражада қисқарганини, аммо «буни энди тузатиб бўлмаслигини» таъкидлаган.

Пойтахт Экология бошқармаси ишчи гуруҳ ташкил этиб, душанба куни вазиятни жойида ўрганди.

«Мутахассислар иштирокида ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, мурожаат ўз тасдиғини топди. Яъни, бу ҳудуддаги дарахтлар қисман шикастлангани аниқланди. Боғнинг масъул раҳбарларига агротехник тадбирларни зудлик билан ўтказиш бўйича топшириқлар берилди», — дейилади хабарда.


Бошқарма ушбу факт бўйича ҳужжатларни расмийлаштириши ҳақида хабар берди. Кейинроқ сурат ва пост ўчириб ташланди.

«Газета.uz» хабарни йўқотилиш сабабларини ўрганишга уринди, бироқ шаҳар ҳокимияти ва Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан боғланиб бўлмади.