Тошкентнинг Чилонзор туманидаги серсоя кўчани кенгайтириш ва «ободонлаштириш» баҳонасида 100 га яқин кўп йиллик дарахтга шикаст етказилди.

Шанба куни эрталаб «Абажур» Telegram- канали ҳокимиятнинг реконструкция тўғрисидаги қарори билан Чилонзор кўчасининг икки томонида бўй чўзиб туррган эман дарахтларининг илдиз тизимига жиддий шикаст етгани ҳақида хабар берди.

«Келиб ташланган илдиз тизими ҳеч нарса бўлмагандек тупроқ билан кўмиб қўйилган. Мен нима қилиш кераклигини билмайман. Ёрдам беринг!» — деб ёзди канал муаллифи.

Ҳодиса жойига етиб келган фаоллар ва экологлар шикастланган дарахтларни санаб чиқишди. Улар сони 99 тани ташкил этди. Мутахассисларнинг фикрича, улардан баъзилари омон қолмайди.

Фото: Чилонзор тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ишчила дарахтларга зарар етказиш ҳисобига кўчани кенгайтириш ва бетон ариқлар ўрнатишга ким топшириқ берганини айтишмади.

Куннинг иккинчи ярмида етиб келган Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлянов аҳолининг дарахтларга зарар етказганлик учун ким жавобгар бўлади, деган саволига: «Мен», дея жавоб берди, деб ёзади Insider.uz канали.

Ботаника боғи мутахассиси Атиргул Холмурзаева ишчилардан бирининг кўчага янги дарахтлар экилади деган гапига шундай жавоб берди: «Янги дарахтлар ўсиши учун 70 йил кутишимиз керак. Шунча йил яшайсизми ёки йўқми?»

Куннинг иккинчи ярмида воқеа жойига Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам етиб келди, унга пойтахт ИИБ бошлиғи ва бошқа мутасадди шахслар ҳамроҳлик қилди.

Фото: Insider.uz.

Таҳлил натижаларига кўра, дарахтлардан 2 метр масофада жойлашган бетон ариқларни олиб ташлаш, дарахтларга ўғит ва дори-дармонлар беришга қарор қилинди, деб ёзади Insider.uz. Ишлар мутахассислар назорати остида амалга оширилади. Шикастланган дарахтлар қанча яшаши номаълум. Бетон ариқларни аллақачон олиб ташлаш бошлаган.

Чилонзор тумани ҳокимлиги матбуот хизмати нима бўлганини тушунтиришга ҳаракат қилди. Аввало, «атроф-муҳитга, яшил майдонларга бефарқ бўлмаган» аҳолига миннатдорчилик билдирди.

«Бугунги кунда туман ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Аҳоли ҳордиқ чиқарадиган жойлар, аллеялар, сайилгоҳлар қурилиши ишлари давом этмоқда. Албатта, туманда янгича қиёфа кашф этаётган бундай масканларнинг қурилишидан аҳоли ҳам мамнун бўлмоқда», — дейилади хабарда.

«Шу ўринда, қурилиш ишлари кетаётган айрим ҳудудларда қурилиш ташкилоти томонидан дарахтларга эътиборсизлик қилинган ҳолатлар ҳам бўлган. Ҳозирда туманда қурилиш кетаётган ҳудудлардаги дарахтларнинг ҳолати ўрганилиб, туман экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш бўлими масъуллари томонидан назоратга олинган. Бу борада аҳолининг жамоатчилик назоратига ҳам эътибор қаратилиб, келиб тушган мурожаатлар тезда ўрганилмоқда ва зарурий чоралар кўрилмоқда.», — дея маълум қилинди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси эса Чилонзор кўчасини реконструкция қилиш жараёнида дарахтларга зарар етказилганлиги ҳолати текширилаётганини билдирди. Кейинроқ мутахассислар томонидан қурилиш ҳудудида мавжуд бўлган 108 та дарахт аҳволи ўрганилгани, 7 туп «Эман» дарахтининг томир қисми очилиши оқибатида шикаст етказилгани ҳамда дарахтлар хавф остида қолгани аниқлангани маълум қилинди.

Мутахассисларнинг маълумотига кўра, ушбу ҳолатда зудлик билан чоралар кўрилмаган тақдирда шикаст етказилган дарахтлар қуриши оқибатида табиат ва атроф муҳитга 348,9 млн сўм зарар етказилишига олиб келиши мумкинлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу модда бўйича жазо БҲМнинг 150 дан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 дан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилишни кўзда тутади. Шу билан бирга, моддий зарарнинг 3 баравари миқдорида қопланган тақдирда, чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо қўлланилмайди.

Дарахтларни кесишга мораторий жорий этилганига қарамасдан, бу тартибни менсимаслик ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда. Хусусан, 2021 йилда маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича кенг кўламли дастур доирасида ҳам шундай ҳолатлар содир бўлган эди.

Яқинда эса Юнусобод туманидаги Юнусота кўчасининг яшил зонали қисми йўлга айлантирилди.

Баҳорда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кўчаларни кенгайтириш тирбандлик муаммосини ҳал қилмаслигини — жамоат транспортини ривожлантириш кераклигини айтган эди. Мамлакат шаҳарларидаги воқелик ҳали бунга мос келмайди.