Zamin фонди БМТнинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастури ва миллий ҳамкорлар кўмаги остида «Тоза ҳавонинг инсон ҳаёти сифати учун аҳамияти» мавзусида муҳокама ўтказди.

Фонд Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ўз кириш сўзида атроф-муҳит ҳолатига ҳар ким жавобгарлигини айтиб, ҳамма биргаликда иш олиб бориши кераклигини таъкидлади.

«Сайёрамиз келажаги — ҳаммамизники, демак, атроф-муҳит ҳолатига ҳар биримиз жавобгармиз, ўзимиздан бошлаб хусусий секторгача, жамоат ташкилотларидан ҳукуматларгача — ҳаммамиз биргаликда иш олиб боришимиз шарт.

Бу борада амалларнинг катта-кичиги йўқ, атроф-муҳит учун барча ҳаракатлар: ўсимликларга зарар етказмаслик ёки кичик дарахт экиш ҳам, катта корхоналарда чиқиндиларни камайтириш ҳам ўта аҳамиятли", — деди у.

Тадбирда «Атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини автоматлаштириш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида эришилган натижалар тақдим этилди.

Шунингдек, бу борадаги халқаро тажриба муҳокама қилинди, ҳавони назорат қилиш чора-тадбирларини энг намунали халқаро амалиётга мувофиқ ҳолда такомиллаштириш бўйича келгуси режалар белгилаб олинди.