Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати супер-контрактда ўқиш истагида бўлган абитуриентлар учун Давлат қабул комиссияси қарори билан белгиланган тартибларни эълон қилди.

Унга кўра, абитуриент ўзи танлаган биринчи йўналишга кира олмаган, лекин 2, 3, 4 ёки 5 йўналишлардан бирига ўқишга кирган бўлса, ўз хоҳиши билан биринчи танлаган йўналишида супер-контрактда ўқишига рухсат берилади.

«Бу истисно 2, 3 ёки 4 йўналишга тааллуқли эмас. Яъни бешинчи йўналишга ўқишга кирган абитуриент иккинчи ёки тўртинчи йўналишни танлаб супер-контракт қила олмайди, фақат биринчи йўналишга қилиши мумкин», — дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, танлаган бешала йўналишига ҳам ўқишга кира олмаган абитуриентлар исталган бешта йўналишдан бирини танлаб, супер-контрактда ўқишига рухсат берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 5 сентябрдан барча босқич талабалари kontrakt.edu.uz платформасидан фойдаланган ҳолда тўлов-шартномаларни онлайн юклаб олишлари мумкин бўлиши маълум қилинганди.