Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 5 сентябрь куни эрта тонгда Кобулдаги Россия элчихонасининг консуллик бўлими яқинида юз берган террорчилик ҳаракатини қоралади.

«Террорчилик ҳаракатини қатъий қоралаймиз, — дейилади ТИВ баёнотида. — Ушбу ғайриинсоний ҳаракатнинг ташкилотчилари ва ижрочиларини аниқлаш учун барча зарур чораларни кўришга чақирамиз».

Вазирлик шунингдек, ҳалок бўлганларининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларнинг соғайиб кетишини тилаб қолди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида РФ элчихонаси соқчиси ва иккинчи котиби ҳалок бўлди. Россия тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин жиноят ишини очишга кўрсатма берди, дея маълум қилди РИА Новости.

Кобул хавфсизлик департаменти вакили Холид Задраннинг таъкидлашича, худкуш террорчи ўзини Россия элчихонаси олдида тўпланган одамларнинг орасида портлатиб юборишни режалаштирган, бироқ, соқчи буни пайқаб қолган ва ҳибсга олишга уринган, шундан сўнг портлаш юз берган, деб ёзмоқда TOLOnews.

Холид Задраннинг айтишича, портлашда тўрт нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, яна бир неча афғон жароҳатланган.

«Афғонистон Ислом амирлиги Россия Федерацияси билан яқин муносабатларга эга ва душманларга бундай салбий ҳаракатлар билан уларни саботаж қилишга йўл қўймайди», — дея қайд этди Twitter`да Афғонистон муваққат ҳукумати ТИВ вакили Абдул Кахор Балхий.

«Хавфсизлик департаментимиз терговни бошлади ҳамда элчихонани ҳимоя қилиш ва элчихона фаолиятига халақит берадиган бундай ҳодисаларнинг олдини олиш чораларини кўради», — дея баёнот берди у.

Абдул Кахор Балхий Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон орқали суҳбатлашганини маълум қилди.

«Ташқи ишлар вазири россиялик ҳамкасбини Афғонистон кучишлатар тузилмалари Россия элчихонаси хавфсизлигига алоҳида эътибор беришига ишонтирди. Жаноб Лавров, ўз навбатида, бугунги портлаш қурбонлари муносабати билан афғон томонига чуқур ҳамдардлик ҳамда ушбу телефон суҳбати учун миннатдорчилик билдирди. Россия ташқи ишлар вазири ушбу воқеани халқаро жиноий ташкилотларнинг иши деб атади ва уларга қарши кураш муҳимлигини таъкидлади», — дея сўзлаб берди Twitter`да Афғонистон ТИВ вакили.