24 август куни амалий ташриф билан Самарқанд вилоятида бўлиб турган Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, Имом Бухорий зиёратгоҳи буюк муҳаддиснинг мусулмон оламидаги юксак ҳурматига муносиб тарзда қайта қурилмоқда. Мақбара, улкан масжид, миноралар, айвонлар барпо этилмоқда.

Президент у ердаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. «Бу лойиҳани кўп муҳокама қилдик, қайта-қайта келиб кўрдик. Энди қурилишда ҳам шошмаслик керак. Ҳам зиёрат, ҳам ибодат нуқтаи назаридан бу ерда ҳамма шароит бўлиши зарур», — деди у.


Шавкат Мирзиёев мажмуа ёнида Имом Бухорий ҳаётини кўрсатувчи электрон музей ташкил этиш таклифини билдирди. «Яқинда Мадина шаҳрида бўлганимизда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом цивилизацияси музейини кўрдик. Бу ерда ҳам шунга ўхшаш музей ташкил этсак, яхши бўлар эди. Унда Имом Бухорий бобомизнинг ҳаёти, илм йўли, ўша давр тарихи ахборот технологиялари орқали кўрсатилади», — деди президент.


Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигига бу борада лойиҳа тайёрлаш топширилди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Ҳазрати Ҳизр мажмуасига бориб, биринчи президент Ислом Каримов мақбарасини ҳам зиёрат қилди, дейилади хабарда.


Эслатиб ўтамиз, 2021 йил апрелда Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги Имом Бухорий зиёратгоҳида амалга оширилаётган ишлар билан танишган эди. У ерда катта масжид, тўртта симметрик минора, йўлдан кириб келишда хиёбон бўлиши кўзда тутилган бўлиб, зиёратчилар учун 7 та меҳмонхона, 3 та автотураргоҳ, автобекат, супермаркет, бозорча барпо этилиши режалаштирилган.

Фото