Жорий йилда Ўзбекистондаги ОТМларга кириш имтиҳонларида абитуриентдарнинг 51,2 фоизи, яъни ярмидан кўпи ўтиш балини тўплай олмади. ЎзА бош директори ўринбосари, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев бунга эътибор қаратди.

Давлат тест маркази (ДТМ) маълумотларига кўра, жорий йилда 1 млн 73 минг 821 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди. Улардан 550 минг нафари ўтиш балининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 баллни тўплай олмаган.

Ҳудудлар кесимида энг ёмон кўрсаткич, Тошкент вилояти (55,9%), Сирдарё (54,3%) ва Навоий (53,5%) вилоятларида қайд этилган.


Фото: Xushnudbek.uz / Telegram.

Ўтган йилги ҳолат билан солиштирганда ўтиш балини тўплай олмаган абитуриентлар сони 15,2 фоизга ошган. Албатта, бунда мажбурий блокдаги осон саволларга бериладиган баллар миқдори камайтирилиб, мутахассислик фанига катта урғу берилгани ҳам сабаб бўлди, дейилади хабарда.

Республиканинг беш ҳудудида — Тошкент шаҳри (45,2%), Бухоро (47,1%), Фарғона (48,7%), Хоразм (49,1%) ва Самарқанд (49,8%) вилоятларида кўрсатгичлар нисбатан яхшироқ.

«56,7 балл — бу тўплаш мумкин бўлган энг юқори 189 балнинг 30 фоизи дегани. Яъни абитуриент ҳеч бўлмаса 30 фоиз билимга эга бўлса, ушбу кўрсаткични тўплай олади. 30 фоиз билим эса рейтинг тизимидан қиёс олсак, ҳатто 2 баҳо ҳам эмас! 1 баҳо десак тўғри бўлар, балки», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, жорий йил Ўзбекистонда 1 млн 146 минг 744 нафар абитуриент олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган. Бу ўтган йилги кўрсаткичга қараганда қарийб 200 мингга кўп.