Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшовчи 18 ёшли қиз ўзи яшаб келаётган хонадон ҳожатхонасида ўғил фарзандини дунёга келтирган. Шундан сўнг, уни ҳожатхонага тушуриб юбориб, ўлимига сабаб бўлгани аниқланди.

ЖИБ Ғиждувон туман суди судяси Бобораҳим Очиловга таяниб «Дарё» нашрининг ёзишича, айбланувчи ўз онасига воқеа қандай бўлганини сўзлаб берган. У 2021 йил 3 сентябрь куни тахминан соат 11:00 лар атрофида яшаш уйида ёлғиз ўтирганида қариндоши М.Т. келиб, уни зўрлаб номусига текканини айтган. Кейинчалик, улар ишқий муносабатларни давом эттирган, бироқ, қиз бу ҳақида ҳеч кимга айтмаган.

Орадан вақт ўтиб, қиз ҳомиладор бўлиб қолгач, онаси билан бирга қариндоши М.Т.га ҳам хабар берган. Йигит эса ҳомилани олдириб ташлаш кераклигини айтган. Шифокорлар эса ҳомила олиб ташланса, қизининг бундан кейин ҳомиладор бўла олмаслиги мумкинлигини тушунтиришган. Она ва қиз бу ҳақда оила аъзолари ва яқин қариндошларига сездирмасликка ҳаракат қилган.

«Орадан вақт ўтиб, 2022 йил 13 май куни қиз бутун танасида оғриқ сеза бошлаган. Турли дори воситалари қабул қилган, аммо оғриқ кучайган. Шу куни соат тахминан 14:30 ларда у ҳожатхонага кириб, чақалоғини дунёга келтирган. Шундан сўнг, онасини чақирган. Боласи ҳожатхона чуқурига тушиб кетгани сабаб, қўрқиб кетганини айтган. Она эса қизини зудлик билан туман туғруқ мажмуасига олиб борган. Шифокорлар томонидан унга тиббий ёрдам кўрсатилган», — дейилади суд ҳужжатларида.

2022 йилнинг 14 май куни ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилганда ҳожатхона чуқурлигидан ўғил бола жинсли чақалоқ жасади топилган. Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, чақалоқнинг ўлими юқори нафас йўлларига ёт масса (нажас) тушиши ва нафас йўллари бекилиши оқибатида аспирация натижасида содир бўлган. Ҳолат жойида баённома тўлдирилиб, фотосуратлар илова қилинган.

Суд чақалоғини қасддан ўлдирган онанинг қилган ишидан пушаймонлиги, ёшлигини инобатга олиб, унга бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаган.