Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 8 август куни туризмни ривожлантириш мавзусидаги брифингда сўзга чиқиб, «Салом, Ташкент» видеоролиги ҳақида гапирди. Бу ҳақда UzReport телеканали хабар берди.

«Бугунги Тошкент 1994 йилги Дубайдан зўр. Буни аниқ айта оламан. Бунга неча йил бўлибди? Лекин, секин-секин Дубай 80 млн одамни қабул қиляпти. Туризмга жуда катта куч берди, катта имконият яратди, нефтга қараб қолмади. Туризм йўналишида энг яхшиларини қилишни бошлади. Мен ўйлайманки, албатта, жуда Дубайга етиш қийиндир, лекин яхши орзу қилсак, қисман бўлса ҳам [Дубайдек] бўлмаймизми?», — деди у.

Тадбирда Ўзбекистон пойтахти «Салом, Тошкент» номли саёҳат видеоролиги тақдим этилди. Ҳоким таъкидлаганидек, видеоролик кўпроқ ёшлар аудиториясига мўлжалланган. Унинг фикрича, ушбу видеонинг оммавий тарғиботи билан «20 кундан кейин, кўпи билан бир ой ичида Тошкентга сайёҳлар оқиб кела бошлайди».

Ҳокимнинг сўзларига кўра, бу ишларнинг натижалари декабрь ойида муҳокама қилиниши мумкин. «Мен натижага ишлайман», — деди пойтахт маъмурияти раҳбари.

«Келинг, [видеони] ҳамма жойда тарғиб қилайлик. „Сенга ишониб тарғибот қилган эдик, декабрда ҳеч ким келмади“ деб, қанча уришсангиз ёки сўксангиз, мен розиман», — деди у.

Матбуот анжуманида Жаҳонгир Ортиқхўжаевга шаҳар микроиқлими ҳам, мамлакатнинг экологик имиджи ҳам сайёҳлик салоҳиятида муҳим рол ўйнашини ҳисобга олиб, объектларни жадал қуриш ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш билан бирга яшил майдон ва ландшафтни сақлаб қолиш режалари юзасидан савол берилди, дейилади телеканал хабарида. Бироқ, ҳоким бу саволга жавоб беришдан бош тортди.

«Бугунги [матбуот анжумани] мавзусини [ҳоким ўринбосари] Фурқат Маҳмудхўжаев айтди — бу туризм соҳаси, яъни туризм бўйича [саволлар бериш мумкин]. Хоҳласангиз шу йўналишда алоҳида тадбир ўтказамиз. [Экология бўйича] иш олиб борилмаяпти эмас, олиб бориляпти. Биз ишлаяпмиз. Бугун туризмни қандай ривожлантириш керак, қандай ҳамкорлик қилиш керак, шу ҳақда мавзу кўтарилмоқда. Мен сизни тушунаман, лекин бугун сизнинг саволингизга жавоб беришга мажбур эмасман», — дея таъкидлади Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, 8 август куни президент топшириғига кўра, Чилонзор кўчасидаги 100 дан ортиқ дарахтга зарар етказилган воқеа учун Чилонзор тумани ҳокими ва прокурори ишдан бўшатилди. Шаҳар ҳокими ва прокурорига «ўз вазифасига масъулиятсиз муносабатда бўлгани учун» қаттиқ ҳайфсан берилди.