Тошкентнинг Чилонзор туманида йўлни кенгайтириш ва сояли кўчани «ободонлаштириш» жараёнида 101 туп кўп йиллик дарахт шикастланган. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Тошкент ҳокимлиги эса аввалроқ фаолларнинг қурувчилар 99 дарахтнинг илдизига зарар етказгани ҳақидаги хабарларини рад этган эди. Шаҳар маъмурияти баёнотида айтилишича, «қисман зарар» фақат «7 та дарахтнинг илдиз тизимининг юқори қисмларига» таъсир қилган.

Лойиҳага кўра, туманнинг 1-мавзесида 1,4 км узунликдаги йўл реконструкция қилинмоқда. Мазкур участканинг 300 метрида эски суғориш тармоқлари (лотоклар) демонтаж қилинди, кўча кенгайтирилди, йўл сатҳи 1 метрга пасайтирилди.

Мазкур қурилиш-таъмирлаш ишлари жараёнида Чилонзор кўчасидаги мавжуд жами 101 туп дарахтларга, шу жумладан, 92 туп эман, 1 туп чинор, 5 туп тут, 2 туп арча ва 1 туп мевали беҳи дарахтларининг илдиз қисмини шикастланганлиги аниқланди.

Дастлабки ўрганиш натижасига кўра, диаметри 45 — 98 смгача бўлган 7 туп эман дарахтларининг илдиз қисмига жиддий шикаст етказилганлиги маълум бўлган бўлса, қўшимча ўрганиш натижасида яна 2 туп эман жами 9 туп эман дарахтларининг илдиз қисмига жиддий шикаст етказилганлиги маълум бўлди. Мутахассислар фикрига кўра, ушбу дарахтларни сақлаб қолиш эҳтимоли хавф остида.

Дастлабки ўрганишларга кўра, Чилонзор кўчасидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида қолган 90 дан ортиқ дарахтлар ўсишдан тухтамайдиган даражада шикастланганлиги аниқланди.

Ўрганиш жараёнида иштирок этган Фанлар Академияси Ботаника институти ҳузуридаги Русанов номидаги «Тошкент ботаника боғи» илмий ходими тавсиясига биноан, илдиз қисмига жиддий шикаст етказилган 9 туп эман дарахтини сақлаб қолиш қатор агротехник тадбирларни талаб этади.

Экология қўмитаси маълумотларига кўра, реконструкция қилиш жараёнида дарахтларни илдиз тизимига шикаст етказилиши ҳолатлари билан, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунининг 32, 37-моддалари талаблари бузилишига олиб келган.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, дарахтларни илдиз тизими жиддий шикастлантирилганлиги натижасида дастлабки ўрганишларга кўра, ўсимлик дунёсига 420 млн. 450 минг сўм миқдорида зарар етказилганлиги ҳисоб-китоб қилинди. Мазкур ҳолат юзасидан барча ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилди.

«Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, қурилиш лойиҳаларни амалга оширишдан олдин экологик меъёрий лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ҳамда мажбурий тартибда Давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши белгиланган. Аниқланишича, мазкур йўл қурилиш-таъмирлаш объекти бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат экологик экспертиза хулосаси олинмаган», — дейилади хабарда.

Жамоатчилик норозилигидан сўнг Тошкент ҳокимлиги Чилонзор кўчаси лойиҳасини қайта кўриб чиқиб, йўлаклар сонини 6 тадан 4 тага қисқартирди. Шу билан бирга, йўлакларнинг эни кенгайтирилди. «Газета.uz» шошмаслик, жараёнга мутахассисларни жалб қилишни ва ниҳоят, фуқароларни тинглашни таклиф қилади.