ХТВ раҳбарининг янги ўқув йилидан ягона мактаб формаси мажбурий бўлмаслиги ҳақидаги баёноти ҳукумат қарори билан тасдиқлаб қўйилади. Бу ҳақда халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов 8 август куни АОКАда ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

«Вазирлар Маҳкамаси қарори чиқишининг маълум процедураси бор. Мен ҳам вазир сифатида ҳукумат аъзоси ҳисобланаман. Ҳам вазир, ҳам ҳукумат аъзоси сифатида ўша баёнотни қилдим. Бу албатта, кенг жамоатчиликнинг хоҳиш-иродаси, таҳлиллар ва вазиятдан келиб чиқиб, қилинган баёнот эди», — деди у.

Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг мактаб формасига оид қарорига ўзгартириш киритиш кутилмоқда.

«Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳасини тайёрлаб, киритиб, уни чиқариш учун маълум вақт талаб қилади. Баёнотда айтилган гаплар ҳам Вазирлар Маҳкамасига бошқа қарорлар лойиҳаси киритилганда, албатта, ўз аксини топади. Бу ишлар қилиниб бўлинган, яқинда бу ҳақда эшитасизлар, деб ўйлайман. Яъни бу қонуний тусга эга бўлиб, ҳужжатда ҳам акс этади», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов 27 июль, чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда янги ўқув йилидан бошлаб ягона мактаб формаси мажбурий бўлмаслигини айтганди.

Унга кўра, мослашув жараёни учун маълум вақт кераклигини инобатга олиб, ягона мактаб формаси 2025 йилга қадар босқичма-босқич жорий этиб борилади.

«Янги ўқув йили 2022 йил сентябрь ойидан бошлаб ота-оналар ягона формани харид қилишига мажбурий талаб қўйилмайди ва мактабга ягона формада келмаган ўқувчиларга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар билдирилмайди», — деган эди у.

Мактаб формасини айнан бирор тадбиркордан/корхонадан харид қилиш бўйича мактаб маъмурияти мажбур этолмайди ва бундай ҳолатга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, вазирлик мактабларда ўқитувчилар учун ягона форма талаби жорий этилмаганини ҳам маълум қилган.

«Ижтимоий тармоқларда жорий ўқув йилидан бошлаб ўқитувчилар учун ҳам ягона форма жорий этилаётганлиги ҳақида ҳеч қандай асосга эга бўлмаган маълумотлар тарқалмоқда. Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқитувчилар учун бундай талаб жорий этилмаганлигини, бу оддий „фейк“ хабар эканлигини қатъий таъкидлаб ўтмоқчиман», — деганди Бахтиёр Саидов.

Қолаверса, ўқувчи-қизларга мактабга очиқ рангдаги миллий рўмолни бошнинг орқа томонидан ўраган ҳолда келишлари ман этилмайди. Шунингдек, юбка ва кофта енгларининг узунлиги борасида ҳам айрим тушунмовчиликлар бўлмоқда, дея таъкидлан эди вазир.

Унинг сўзларига кўра, мактаб формаси учун тасдиқланган ўлчамларда энг минимал узунлик белгиланган. Яъни ўқувчи-қизларнинг юбка ва кофта енгларининг узунлигини узайтиришга рухсат берилади, аммо белгиланган ўлчамдан калта бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, ҳокимликлар томонидан кам таъминланган оилаларга маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳамда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағлари ҳисобидан мактаб формасини сотиб олинишига кўмак берилиши қайд этилган.

19 май куни Ҳукумат 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар учун ягона мактаб формасини тўлиқ жорий этишга қарор қилди. Дастлаб, буни 2019 йилда амалга ошириш режалаштирилган эди, аммо жамоатчилик норозилиги туфайли муддат 2024 йилга қолдирилганди. Кам таъминланган оилаларга формани харид қилишга кўмаклашилади.