Фарғона вилояти Ўзбекистон туман Электр тармоқлари корхонаси ходимлари «Қирқкетмон» МФЙда 57 туп дарахт кесиб ташлангани аниқланди.

Бу ҳақдаги хабарлар «Кушербаевга мурожаат» каналида видео билан бирга эълон қилинди. Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилишича, воқеа 5 июль куни содир бўлган.

«Ноқонуний равишда 48 туп арча (сосна), 9 туп шумтол манзарали дарахти ноқонуний равишда остидан кесиб юборилган. Бу билан Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонуннинг 37-моддаси талаблари бузилган ва ўсимлик дунёсига 856 млн 500 минг сўм зарар етказилган», — дейилади хабарда.

Фарғона вилояти экология бошқармаси қўшимча қилишича, 30 тупдан ортиқ мевали дарахтлар ҳам остидан кесиб ташланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 278-моддасига асосан ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний ҳал этиш учун вилояти прокурорига юборилди.

Иш ҳужжатларида таъкидланишича, туман Электр тармоқлари корхонаси раҳбари ва мутахассислардан тушунтириш хати сўралган, раҳбар вазиятни тушунтиришдан бундан бош тортган. Ходимлардан бири тушунтириш хати ёзиб берган, бироқ, маъмурий баённомага имзо чекишни рад этган.

Душанба куни тушдан кейин Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида дарахтлар кесиб ташланганлиги ҳолати Бош прокуратура томонидан ўрганилмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 30 декабрдаги фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий муддатсиз даврга узайтирилди.