13−27 август кунлари дунёнинг 12 та давлати ҳудудида «АрМИ-2022» Халқаро армия ўйинлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари 20 та йўналиш бўйича мусобақаларда иштирок этади, 34 та йўналишни қамраб олган мусобақаларда дунёнинг 37 та давлатдан 275 та жамоа қатнашади, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Отабек Юлдашев.

Бу йил илк бор Ўзбекистон ҳудудида беш йўналиш бўйича мусобақалар бўлиб ўтади, сўнгги икки йил ичида мамлакатда фақат икки турдаги мусобақалар ўтказилганди.

Жиззахдаги «Фориш» полигонида «Дала ошхонаси» ва «Қуролсоз уста» мусобақалари, Самарқанддаги «Сазаган» полигонида «Хавфсиз муҳит», Шарқий ҳарбий округда «Йўл патрули» ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида «Содиқ дўст» мусобақаси ўтказилади.

Россия ҳудудида «Элбрус ҳалқаси», «Автозирхли танк-техника устаси», «Қўшинлар разведкаси аълочиси», «Танк биатлони», «Ҳарбий-тиббий эстафета», «Ҳарбий ралли», «Муҳандис формуласи» мусобақалари бўлиб ўтади.

Мўғулистонда «Отлиқ марафон», Беларусда «Ишончли қабул» ва «Қутб юлдузи», Қозоғистонда «Армия тактик ўқчиси» ва «Меридиан», Венесуелада «Мерганлик марраси», Жазоирда «Десант взводи» ҳамда Эронда «Профессионал мерган» йўналишлари бўйича беллашувлар ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси «АрМИ-2021» Халқаро армия ўйинларида 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллаганди.

Бу йил Халқаро армия ўйинлари саккизинчи марта ўтказилади. Мусобақа Россия Мудофаа вазирлиги томонидан ташкил этилади.