Молия вазирлиги 15 июлдан «Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2-мавсуми бошланганини маълум қилди. Хабарда келтирилишича, бу мавсумда фуқаролар илгари сурадиган лойиҳаларни молиялаштириш учун республика бўйлаб қарийб 900 млрд сўм маблағлар йўналтирилиши кутилмоқда.

Унда фуқаролар инфратузилмани яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, ички йўлларни қуриш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида иштирок этишлари мумкин.

Ташаббусли бюджет жараёнини ўтказишнинг амалдаги тартибига айрим тузатиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, эндиликда Ташаббусли бюджет жараёнларининг ҳар бир босқичи 20 кундан — жами 60 кун давом этиши белгиланди.

Шунга кўра, «Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2-мавсуми:

  • 1-босқич — таклифларни илгари суриш — 15 июлдан — 3 августгача (Қорақалпоғистон Республикасида — 15 августдан — 4 сентябргача)
  • 2-босқич — лойиҳаларни саралаб олиш — 4 августдан — 23 августгача (Қорақалпоғистон Республикасида — 4 сентябрдан — 24 сентябргача)
  • 3-босқич лойиҳаларга овоз бериш — 24 августдан — 12 сентябргача (Қорақалпоғистон Республикасида — 24 сентябрдан — 14 октябргача) давом этади.

Биринчи мавсум эса қуйидагича ўтганди:

  • 1 феврал — 22 февралда батафсил кўринишда ташаббус қолдирилди;
  • 23 феврал — 4 март оралиғида ташаббуслар модерация қилинди;
  • 5 март — 1 апрел даврида сараланган ташаббуслар бўйича фуқароларнинг овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтди.

1 апрель куни «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг илк мавсуми якунланди ҳамда ғолиблар эълон қилинди. Натижаларга кўра, ушбу мавсум давомида фуқаролар жўнатган жами 70 мингга яқин ташаббусдан 2215 таси ғолиб бўлди. Ушбу лойиҳаларга овоз бериш жараёнларида эса 6,7 млн кишидан кўпроқ аҳоли иштирок этди. Ғолиб деб топилган ташаббусларнинг 34 фоизи умумтаълим мактабларини таъмирлаш лойиҳалари бўлди.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» мазкур платформа ва ундан фойдаланиш тартиблари ҳақида қўлланма тайёрлаганди.