2 сентябрь куни «Очиқ бюджет» порталида ташаббусли бюджет бўйича овоз бериш жараёнининг учинчи босқичи якунига етди. Дастлаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 41125 та таклиф келиб тушди. Улардан 21832 таси (53%) овоз бериш босқичига ўтди. Тегишли ҳудудлардаги ишчи комиссия томонидан рад этилган таклифлар сони эса 19293 та, яъни (47%) га етди.

Фуқаролар томонидан илгари сурилган ташаббуслар учун овоз бериш жараёнида 1,15 миллион киши иштирок этди.

Натижада 881 та лойиҳа энг кўп овоз тўплади. Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятида — 89, Фарғона вилоятида — 75, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида — 74, Хоразм ва Наманган вилоятларида — 70, Сурхондарё вилоятида — 63, Сирдарё вилоятида — 62, Бухоро вилоятида — 61, Қорақалпоғистонда — 47, Навоий вилоятида — 39 та, Андижон вилоятида — 33, Жиззах вилоятида — 27 та ташаббус маъқулланган.

Баъзи ташаббуслар жамоатчиликда саволлар туғдирди. Kurbanoff.net телеграм канали Тошкентнинг Чилонзор туманида туман ҳокимлиги ходимлари учун 999 млн сўмлик янги ошхона қуриш, туман 4-сектори штабини 500 млн сўм эвазига таъмирлаш, шунингдек, туман ободонлаштириш хизмати учун белкурак, чўтка, болта ва бошқа асбоб-ускуналарни 600 млн сўмга сотиб олиш ташаббуслари ғолиб бўлганига эътибор қаратди.

«Чилонзорликларга гап йўқ, ўз ҳокимиятлари ходимлари учун қарийб 1 млрд сўмга янги ошхона қурилишини қўллаб-қувватлашди. Мана, демак, аҳоли ўз раҳбарларининг ҳаётига бефарқ эмас… Ўзлари учун ҳеч нарса сўрашмайди, ҳаммаси раҳбарлари, ҳаммаси ҳокимият учун. Бундай аҳолини қадрлаш керак, ҳурматли Чилонзор тумани ҳокимияти», — деб ёзди блогер.

Эътиборлиси, ушбу лойиҳалар онлайн ҳолатда бор-йўғи биттадан овоз олган — қолган барча овозларнинг SMS орқали берилгани манипуляция ва маъмурий имкониятлардан фойдаланилганига ишора беради. Ушбу ҳолатга блогер Bakiroo ҳам эътибор қаратди.

Юрист ва блогер Хушнудбек Худайбердиев Молия вазирлиги Давлат бюджети департаментининг директори Шерзод Муҳамедов изоҳини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, «Ташаббусли бюджет» порталида қайсидир ташаббус энг кўп овоз олгани, бу ўша лойиҳа албатта молиялаштирилишини англатмайди. Ишчи гуруҳлар томонидан ғолиб бўлган лойиҳалар тегишли талабларга тўғри келиши қайта кўриб чиқилади.

Жумладан, Чилонзор туманида ғолиб бўлган юқоридаги 2 та лойиҳа ҳам жамоат манфаатларига хизмат қилмаслиги нуқтаи назаридан рад қилинади ҳамда кейинги ўринларда энг кўп овоз олган лойиҳалар ғолиб деб топилади.

Шерзод Муҳамедов ташаббусли бюджет тизимини такомиллаштириш бўйича чораларни муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди.

Чилонзор туманида жами 8 та лойиҳа ғолиб бўлди. Жумладан, 407-сонли мактабгача таълим ташкилотини таъмирлаш, Ал-Хоразмий майдонини ва унга ўрнатилган ёдгорликни тиклаш, 173-мактабни таъмирлаш ва бошқалар.

Мажбурлаш ҳолатлари

Самарқанддаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси «Газета.uz»га анонимликни сақлаш шарти билан мактаб директори ўринбосари ўқитувчиларга фаоллар зали қурилиши тўғрисидаги ташаббус учун «Ташаббусли бюджет» порталида 20 тадан овоз тўплашни топширганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳамма ҳам фаол бўлмаган, бироқ кўпчилик яқинлари, қўшнилари ва ҳаттоки кўчада ўткинчилардан овоз беришни сўрашга мажбур бўлган. Ўқитувчининг фикрича, ғолиблар ҳам худди шундай усул қўллаган ҳолда улардан ўзиб кетган бўлиши мумкин.

Ташаббусли бюджет ҳақида

«Газета.uz» «Ташаббусли бюджет» ҳақида батафсил ёзган эди. Мазкур лойиҳа доирасида фуқаролар инфратузилмани яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, ички йўлларни қуриш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида иштирок этишлари мумкин.

Лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар ҳар бир туман (шаҳар) даражасида тузиладиган «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси»да жамланади. 2021 йил 1 июлдан бошлаб фондга маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбаларидан 30%дан кам бўлмаган маблағлари, шунингдек, тасдиқланган харажатларнинг 5% келиб тушади. Президент қарори билан жамғарма маблағларини бошқа мақсадларда ишлатиш қатъиян тақиқланади.