9 июль куни Ўзбекистон молия вазирлиги янгиланган «Очиқ бюджет» порталини (openbudget.uz) ишга туширди, у ерда давлат бюджети, давлат қарзи ҳақида маълумот эълон қилинади ва «Ташаббусли бюджет» бўлими яратилган. Ҳозирча сайт тест режимида ишламоқда.

Ташаббусли бюджетлаштириш ёки партисипатор бюджетлаштириш — бу аҳолининг бюджет маблағларининг аниқ қисмларини сарфлаш мақсадида ташаббусларни илгари суриши орқали маҳаллий бошқарувда тўғридан-тўғри иштирок этиши.

Президентнинг 2021 йил 13 апрель кунидаги қарори билан (ПҚ-5072) фуқаролар бюджетни шакллантириш жараёнларини нафақат назорат қилиши, балки бюджет маблағларини шакллантириш жараёнидан бошлаб уларни сарфлашда қатнашиши учун ҳам имконият яратилди.

Бюджет шаклланиши жараёнида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш мақсадида туман ва шаҳарларда тегишли бюджетларнинг тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш бўйича янги тартиб босқичма-босқич жорий этилади. Ҳозир ушбу тартиб Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида битта туман ёки шаҳарда жорий қилинган (жами 14), 2022 йил 1 январдан бошлаб эса бу тартиб мамлакатнинг барча туман ва шаҳарларида жорий қилинади.

Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун 2021 йилда республика бюджет маблағлари ҳисобидан туман ва шаҳарлар бюджетларига қўшимча равишда 92,7 млрд сўм ажратилади. Кейинги йилдан бошлаб ушбу маблағлар туман ва шаҳарлар бюджетлари параметрларида назарда тутилади.

Бундан ташқари, 1 июлдан бошлаб жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман ва шаҳарлар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдори 10%дан 30%га оширилади.

Бюджет тақсимотида қандай иштирок этиш мумкин?


Аввало, 18 ёшдан катта бўлган ташаббускор фуқаролар (бир киши ёки гуруҳ бўлиб) лойиҳа таклиф қилишлари керак. Ушбу лойиҳалар экспертизадан ўтказилади ва саралашдан ўтади, кейинчалик эса оммавий овоз беришга қўйилади. Энг яхши лойиҳалар молиялаштирилади.

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимиятлари аҳолини маҳалла, ОАВ, «Очиқ бюджет» портали ва бошқа манбалар орқали лойиҳа бўйича ариза топширишнинг тасдиқланган мезонлари ва муддатлари ҳамда бошқа шартлари ҳақида хабардор қилишлари керак.

Лойиҳалар бўйича аризаларни йилда икки маротаба топшириш мумкин — февраль ва июль ойларида (2021 йилда 1 июлдан 1 августга қадар).

Фуқаролар маҳалла, аҳоли пунктлари ва тумандаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича лойиҳалари билан Openbudget.uz платформаси орқали мурожаат қилишлари мумкин. Масалан, шаҳар инфратузилмасини яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончаларини қуриш, экология вазият ва сув таъминотини яхшилаш, кўча чироқларини таъмирлаш ва ўрнатиш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ва ҳоказо. Бунинг учун ушбу сайтда рўйхатдан ўтиб, шахсий кабинет орқали формани тўлдириб юбориш мумкин.

Лойиҳалар туманларнинг (шаҳарларнинг) ижтимоий-иқтисодий ўзига хослигини инобатга олган ҳолда долзарб муаммоларни ечишга қаратилган бўлиши керак. Ташаббуслар шахсий манфаатларни (автомобиль ёки уй сотиб олиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва бошқалар) ҳал қилиш имкониятини истисно қилиши керак. Лойиҳани амалга оширишнинг умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 минг баробаридан ошмаслиги керак (980 млн сўмдан).

Лойиҳаларни саралаш билан ишчи комиссия шуғулланади. Унинг таркибига ҳокимнинг биринчи ўринбосари (комиссия раиси), қурилиш масалалари бўйича ҳоким ўринбосари, халқ депутатлари кенгаши вакили, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари — ҳоким ўринбосари, ҳокимиятнинг молия бўлими бошлиғи, ҳокимиятлар қошидаги жамоатчилик кенгаши ва нодавлат нотижорат такшилотлар вакиллари киради.

Комиссия лойиҳаларни мезонларга мувофиқлиги бўйича текширади, уларни иқтисодий ва техник экспертизадан ўтказади, шунингдек, у ёки бу лойиҳани тасдиқлаш учун рад жавобини ариза топширувчига тушунтириб беради.

Кейин ишчи комиссия танлаб олинган лойиҳаларни жамоатчилик овоз бериши учун эълон қилади. Лойиҳаларга 20 кунгача овоз бериш мумкин бўлади. Фуқаро битта лойиҳа учун фақатгина 1 марта овоз бериш ҳуқуқига эга.

Энг кўп овоз олган лойиҳалар ғолиб деб топилади. Ғолиб лойиҳалар сони уларни амалга ошириш учун ажратилаётган маблағдан келиб чиқиб аниқланади.

Овоз бериш натижалари асосида тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг ғолиб лойиҳаларни молиялаштириш бўйича қарори лойиҳаси тайёрланади. Бир ҳафта ичида ушбу лойиҳалар халқ депутатлари кенгашига киритилади.

Лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар ҳар бир туман (шаҳар) даражасида тузиладиган «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси»да жамланади. 2021 йил 1 июлдан бошлаб фондга маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбаларидан 30%дан кам бўлмаган маблағлари, шунингдек, тасдиқланган харажатларнинг 5% келиб тушади. Президент қарори билан жамғарма маблағларини бошқа мақсадларда ишлатиш қатъиян тақиқланади.

Туман ва шаҳар ҳокимиятлари лойиҳаларни молиялаштириш бўйича маълумотни ўзларининг расмий сайтларида ва «Очиқ бюджет» порталида ҳар квартал тугашидан кейин келадиган ойнинг 25-санасига қадар эълон қилиб боришлари шарт.

Лойиҳаларга мисоллар


Тошкент шаҳридаги Чилонзор туманида 10дан ортиқ таклифлар иглари сурилган. Ташаббусли фуқароларнинг аксарияти мактабгача таълим ташкилотларини таъмирлашни ва болалар майдончаларини қуришни сўрашмоқда.

Пойтахтнинг бошқа туманларида ҳозирга қадар фақат 1−2 тадан таклифлар берилган бўлса, Олмазор ва Мирзо Улуғбек туманларида ҳозирча лойиҳалар умуман йўқ.

Самарқанд шаҳрида ҳозирча битта лойиҳа таклиф этилган — аҳоли зич яшайдиган жойларда мактаблар қуриш. Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида фуқаролар газ қувурларини ўтказишни, болалар боғчалари, ички йўллар ва кўприкларни таъмирлашни, қабристонларни ободонлаштиришни ва бошқа масалалар бўйича таклифлар беришган.