1 апрель куни Молия вазирлиги «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг илк мавсуми ғолиблари эълон қилинганини маълум қилди.

«Ташаббусли бюджет» жараёнлари 2022 йилда икки марта амалга оширилади.

Унинг биринчи мавсуми қуйидагича ўтди:

  • 1 феврал — 22 февралда батафсил кўринишда ташаббус қолдирилди;
  • 23 феврал — 4 март оралиғида ташаббуслар модерация қилинди;
  • 5 март — 1 апрел даврида сараланган ташаббуслар бўйича фуқароларнинг овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтди.

Натижаларга кўра, ушбу мавсум давомида фуқаролардан жами 70 мингга яқин ташаббус жўнатилди. Ушбу лойиҳаларга овоз бериш жараёнларида эса 6,7 млн кишидан кўпроқ аҳоли иштирок этди. Юборилган ташаббуслар орасидан 2215 таси ғолиб деб топилди. Ушбу ғолиб деб топилган ташаббусларга жами 1,1 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Тошкент вилоятида (220 та) ташаббуслари энг кўп ғолиб бўлган ҳудуд бўлди. Ундан кейинги ўринларда Фарғона, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари экани маълум бўлди.

«Бу шунча муаммонинг ечими дегани эмас. Бу мамлакатдаги ҳақиқий ҳолатни кўрсатиб берадиган барометр ҳам. Парламент ва маҳаллий вакиллик органларининг бюджетни тақсимлашдаги роли фақатгина тасдиқлашдан иборат бўлиб турган бир пайтда — халқ пулининг қайсидир қисмини халқнинг бевосита иштирокида адолатли тақсимланиши, дейиш мумкин… Очиқ бюджет идеал механизм эмас, лекин у такомиллашиб бораверади. Аммо барибир бизга кучли, мустақил парламент, маҳаллий депутатлар керак. Улар амалда бюджетни тақсимлай олиши лозим. Йўқса, қайтадан велосипед кашф қилишда давом этаверамиз», — деб ёзди davletovuz Telegram-канали.

Манба: davletovuz

Биринчи мавсум натижаларига кўра, ғолиб бўлган ташаббусларнинг 760 таси ёки 34 фоизи умумтаълим мактабларини таъмирлаш, 549 таси ёки 25 фоизи ички йўлларни таъмирлаш ҳамда 89 таси ичимлик суви ва оқова тизимини яхшилаш бўйича ташуббуслар экани маълум бўлди.

«Бу — юзимизга тутилган кўзгу. Ҳақиқатан ҳам йўлларимиз, мактабларимиз жуда катта инвестицияга муҳтож, давлат бюджетини тақсимлаётганда ҳукумат ҳам ушбу муаммоларни тизимли ҳал қиладиган механизмлар устида бош қотириши керак», — деди davletovuz.

Овоз бериш жараёнларида аҳоли томонидан қонунга хилоф бўлмаган турли йўллар билан овоз тўпланди. Реклама баннерлари тарқатилган, бозорлар ва бошқа одам гавжум жойларда ташаббус ҳаволаси QR-кодга туширилиб, уларнинг баннерлари қўйилган, ҳаттоки овозлар учун пул мукофотлари ҳам таклиф қилинган ҳолатлар мавжуд.

Манба: davletovuz

Ушбу лойиҳада ғолиб бўлган бир қатор ҳудудлар ғалабани кенг нишонлади. Жумладан, Учкўприк туманидаги «Катта Қашқар» МФЙ аҳолиси карнай-сурнай садолари билан ғалабани кутиб олди. Шунингдек, Андижон вилояти Олтинкўл тумани «Бўстон» маҳалласи аҳолиси Ёғду кўчасини асфальт қилиш ташаббуси ғолиб деб топилганини маҳалла аҳолиси салютлар учирган ҳолда нишонлади.

«Тағин биз халқимиз сайловларга ва яна кўп нарсаларга ҳали тайёрмас, деб ўйлаймиз. Барчаси хато. Агар ақл билан тўғри йўлдан кетилса, халқимиз ҳамма нарсага тайёр», — деб ёзди блогер Хушнудбек Худойбердиев.

Молия вазирлиги вакилининг «O'zbekiston24» телеканалига берган интервьюсида айтишича, 2022 йил учун давлат бюджетидан «Фуқаролар ташаббуси» жамғармалари учун 1,5 трлн сўмдан ортиқ маблағ режалаштирилган. Бундан ташқари, шаҳар ва туман бюджетлари қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳам айнан ушбу йўналишга сарфланиши белгиланган.

Молия вазирлиги «Ташаббусли бюджет»нинг 2-мавсум жараёнларига июль ойида старт берилишини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» ушбу платформа ва ундан фойдаланиш тартиблари ҳақида қўлланмани тақдим этганди.

Ташаббусли бюджетлаштириш ёки партисипатор бюджетлаштириш — бу аҳолининг бюджет маблағларининг аниқ қисмларини сарфлаш мақсадида ташаббусларни илгари суриши орқали маҳаллий бошқарувда тўғридан-тўғри иштирок этиши.