15 июль куни Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳасининг оммавий муҳокамаси якунланади. «Газета.uz» олдинроқ амалдаги моддалар ва таклиф этилаётган ўзгартиришлар жадвалини таққослаш учун эълон қилган эди. Муҳокамаларни 10 кундан 20 кунгача узайтириш бўйича қарор қабул қилиб ҳамда олдинги муддат қисқалигини тан олган ҳолда, депутатлар ушбу жараёнда фуқароларнинг мисли кўрилмаган фаоллигини қайд этишган эди. Улар ҳужжат бутун Ўзбекистон халқининг тақдирини ҳал қилишини ва айнан халқнинг ўзи ўзгартиришларнинг муаллифи ва манбаси бўлиши кераклигини таъкидлаган эдилар. «Газета.uz» колумнисти Комил Жалилов ўз фуқаролик ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда тақдим этилган қонун лойиҳаси ҳақида ўз фикрлари билан бўлишади.

Президент Шавкат Мирзиёев Конституцион ислоҳотлар фонида рўй берган фожеали воқеалар вақтида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесидаги чиқишида депутатларга савол билан юзланди: «Мана шу ўзларинг бош бўлиб, ўзларинг ташаббус билан чиқиб, ўзларинг сўзга чиқиб, ўзларинг тасдиқлагансизлар. Нимага менга одамлар норози деб, телефон қилиб айтмадинглар?»

Қорақалпоғистондаги воқеалар конституцион ислоҳотларнинг айнан ҳокимиятнинг учта тармоғи бир-биридан ҳақиқатда мустақил бўлишини ва бир-бирини тийиб туриш механизмига эга бўлишини таъминлаш, аҳоли билан мулоқот, фикрни тинч йўл билан билдириш ҳуқуқларининг кафолатланиши ва қонунни бузмаётган ОАВлар фаолиятига аралашмаслик нуқтаи назаридан долзарб эканлигини яна бир маротаба намойиш қилди.

Қизиқ томони шундаки, конституцион комиссия бир ойнинг ўзидаёқ 60 мингдан ортиқ таклифларни таҳлил қилишга (25 июнь ҳолатига кўра, кунига 1600 дан ортиқ!), қонун лойиҳасининг матнини тайёрлашга ва парламентнинг қуйи палатасига кўриб чиқиш учун киритишга улгурган.

Мафкура ва мақсадлари турлича бўлиши керак бўлган 5 партия вакилларидан иборат қуйи парламант қонун лойиҳасини бир овозда маъқуллагани ҳам эътиборга молик. Асосий қонуннинг 64 та моддасига киритиш таклиф этилган 200 та ўзгартириш ва 16 та янги нормани киритадиган 6 та янги моддани муҳокама қилиш учун бошланишида 10 кун берилгани ҳам эътиборни тортади — кеийнроқ шу 10 кун жуда кам эканлиги таъкидланди.

На конституцион комиссия ва на депутатлар 70−75 моддаларга таклиф этилган ўзгартиришлар ва Қорақалпоғистоннинг амалдаги Конституциясининг 1 ва 9- моддалари ўртасидаги зиддиятни пайқашмагани ҳам эътиборга молик. Ваҳоланки, депутатлар ва комиссия аъзолари орасида ҳуқуқшунослар бўлса керак?

Зиддиятлар

Ўйлашимча, тийиб туриш механизмлари ишлаган тақдирда парламент аъзолари кескин муҳокамалар вақтида қонун лойиҳаси матнига киритилган шу ва шунга ўхшаш зиддиятларга эътибор қаратишган бўлишарди.

Масалан:

  • муқаддимада «…жаҳон ва ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг маданий меросига таяниб» дейилади. Ислом цивилизацияси жаҳон цивилизациясининг бир қисми, ундан алоҳида цивилизация эмас;
  • яна муқаддимада, шунингдек, «ёшларнинг муносиб ҳаёт кечиришини … таъминлашга интилиб», дейилади. Конституциянинг амалдаги таҳририда барча фуқаролар кўрсатилган, таклиф этилаётган матн эса аҳолининг бошқа гуруҳларини камситадигандек туюлмоқда;
  • 27- (уй-жой дахлсизлиги), 53- (шахсий мулкнинг дахлсизлиги ва унинг давлат томонидан ҳимоя қилиниши) ва 53−1- (суд орқали мол-мулкдан маҳрум этилиш мумкинлиги) моддалар ўртасидаги зиддиятлар. 53−1 модданинг таклиф этилаётган таҳририда «суд орқали мол-мулкдан маҳрум этиш» ва «алоҳида ҳолларда мулкни жамоат эҳтиёжлари учун мажбурий равиш олиб қўйиш» — бу турли хил тушунчалар ва жараёнлар. Бундай бир-бирига мос келмайдиган нормалар «инвесторлар» учун фуқароларни ўзларига маъқул ҳудудлардан мажбуран кўчириш мақсадида судга мурожаат қилиш ёки қонунда белгиланган тартибда мажбурий равишда мулкни бошқа шахсга ўтказиш учун ажойиб имконият яратиши мумкин.
  • 55-моддада «табиий ресурслар умуммиллий бойликдир» ва «улар давлат мулкида бўлади» дейилади. Ўйлашимча, «умуммиллий бойлик» ва «давлат мулки» — турли хил тушунчалар: умуммиллий бойликни давлат жамият номидан уни сақлаб қолиш ва кўпайтириш мақсадида бошқаради, мулкни эса ўз хоҳишига кўра ишлатиши мумкин.
  • 76-модда (Олий Мажлис олий вакиллик органи сифатида) ва 78-модданинг биринчи қисми 4 бандига таклиф этилган ўзгартиришлар (Олий Мажлиснинг ички ва ташқи сиёсатига оид масалаларни белгилаш ўрнига уларни фақат кўриб чиқиши) ва 93-модданинг биринчи қисми 7 банди (мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мурожаат қилиш ҳуқуқи ўрнига президентнинг ички ва ташқи сиёсатнинг стратегик устувор йўналишларини белгилаши ҳамда уларнинг ижро этилишига оид масалалар юзасидан Олий Мажлисга мурожаатномалар йўллаши) ўртасидаги зиддиятлар. Айнан аҳолининг турли қатламлари манфаатларини ҳимоя қиладиган энг юқори қонунчиқарувчи орган бўлмиш Олий Мажлис мамлакат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаши лозим. Парламент битта одам томонидан белгиланган сиёсатни амалга оширадиган органга айланиши керак эмас.

Такрорланишлар

Ушбу зиддиятлардан ташқари, таклиф этилаётган ўзгаришларда Конституцияда мавжуд бўлган нормаларнинг кераксиз такрорланишлари (бошқа сўзлар билан перефраза қилиниши) ҳам кам эмас, бу эса асосий қонуннинг ҳажмини шиширади.

Мисол учун:

  • 1-модда. 14 модда (давлат фаолиятининг ижтимоий адолат принципларига асосланиши) давлатнинг ижтимоий характерини, 15 модда (Конституция ва қонунлар устуворлиги) — унинг ҳуқуқий характерини, 61 модда эса (диннинг давлатдан ажратилганлиги) — унинг дунёвий характирини намойиш қилади. Шу сабабли ҳам тушунарли ва лўнда бўлган 1 моддани ортиқча гаплар билан тўлдириш шарт эмас.
  • 15-модда. Амалдаги таҳрирнинг 15 моддасида белгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг сўзсиз устуворлиги ҳамда 16 моддада белгиланган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий актларнинг Конституция нормалари ва принципларига зид келишига йўл қўйилмаслиги «Ўзбекистон Конституцияси олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан-тўғри амал қилиши ва бутун мамлакат ҳудудида қўлланилиши»ни англатади.
  • 18-модда. Конституциянинг амалдаги таҳрири муқаддимасида умум эътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари устуворлигининг тан олиниши «Ўзбекистон Республикасида инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларига биноан эътироф этилиши ва кафолатланишини» англатади.
  • 28-модда. Амалдаги таҳрир республика ҳудуди бўйича эркин ҳаракатланиш, мамлакатга кириш ва ундан чиқиш ҳуқуқини кафолатлайди, бу эса «республикадан ташқарига чиқиш ҳуқуқи» ва «Ўзбекистонга монеликсиз қайтиш ҳуқуқи»ни билдиради.
  • 29-модда. Маълумотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи бир вақтнинг ўзида бу мақсадлар учун интернетдан фойдаланиш ҳуқуқини ҳам билдиради.
  • 36-модда. Мулк ўз навбатида интеллектуал бўлиши ҳам мумкин. Бундай тавтологиялар иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг Конституцияга ўзгартиришлардаги «Шаканинг модели» ҳақидаги мулоҳазаларида келтириб ўтган «барча фуқаролар яшаш ҳуқуқига эга, шу жумладан, бошида сочи йўқ фуқаролар — тепакаллар ҳам шу ҳуқуқига эга бўлсинлар» мисолини эслатади.

Шу ва бошқа ортиқча қўшимчалардан ташқари, Конституцияга бошқа қонуний актлар томонидан белгиланиши керак бўлган нормаларнинг қўшилишини ҳам кўриш мумкин. Масалан, Жиноят ёки Жиноят-процессуал кодекси (26 моддага ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар ва янги 26−1, 26−2 моддалар), Меҳнат кодекси (31 моддага ўзгартиришлар), таълим тўғрисидаги қонун (41 моддага ўзгартириш), Оила кодекси (63 моддага ўзгартириш) сингари бошқа қонунлар билан тартибга солиниши керак бўлган масалалар киритилган.

Конституция — бошқа барча қонунлар таянадиган қонун, лекин у бошқа барча кодекслар ва қонунларни ўз ичига сиғдиролмайди.

Ўзгартиришларда нима етишмаяпти?

Менинг фикримча, муҳокама учун эълон қилинган қонун лойиҳасида ҳокимият бўлиниши ва репрезентатив демократиянинг мустаҳкамланишига оид ўзгартиришлар етишмайди.

Шарл Луи Монтескю томонидан тавсифланган ҳокимиятнинг учта тармоғи классик моделига қайтсак. «Давлат органларининг мувофиқлаштирилган фаолият юритишини ва ўзаро ҳамкорлигини таъминловчи» ҳокимият тармоғининг мавжудлиги (89-модда) ушбу моделга ва Конституциянинг 11 моддасига (давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларига бўлиниши) зид ва ушбу тармоқларнинг мустақиллигига путур етказади. Назаримда, 1992 йилги Конституциянинг дастлабки таҳририда бўлганидек, президентнинг давлат ва ижро ҳокимияти раҳбари мақомини қайтариш лозим.

  • Ҳокимият алмашинуви. Ҳокимият алмашинуви тамойилини мустаҳкамлаш ва турлича талқинларга йўл қўймаслик мақсадида 90-модданинг биринчи қисмидаги «кетма-кет» сўзини олиб ташлашни, шунингдек, давлат раҳбарининг ваколат муддатлари беш йил бўлишини қолдиришни таклиф этаман.
  • Сайловлардаги рақобат. Сайловлар олдидан мамлакатда доимий яшаш бўйича чекловларни олиб ташлашни, шунингдек, фуқароларга давлат раҳбари лавозимига номзод кўрсатиш (ўзини ўзи номзод сифатида кўрсатиш) ҳуқуқини беришни ҳам таклиф қиламан. Бу сайловларни кузатиш ва сайловларда ҳақиқий рақобатбардошликни таъминлаш бўйича ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси тавсияларини бажариш имконини беради. Маълумот учун, миссиянинг 2021 йилги сайловлар якунлари бўйича якуний ҳисоботида сайловларда ҳақиқий рақобат кузатилмаганлиги айтилган эди. 2009 йилга қадар Ўзбекистонда президентликка номзодларни фуқароларнинг ташаббускор гуруҳларидан кўрсатиш имконияти мавжуд эди.
  • Тийиб туриш механизмлари. Давлат раҳбари муайян шартлар асосида парламентни тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга эканлигини (95-модда) инобатга олиб, шунингдек, ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тамойилини таъминлаш мақсадида парламентнинг давлат раҳбарига импичмент эълон қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги нормани ҳам киритиш зарур, деб ўйлайман.
  • Ҳудудий миқёсда ҳокимиятларнинг бўлиниши ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш. Бу учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият раҳбарларининг қонун чиқарувчи ҳокимият юқори палатаси — Сенатга сайланиш, парламент ёки маҳаллий кенгаш депутати бўлиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида лавозим эгаллаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ёки тижорат корхоналарининг якуний бенефициари бўлишини таъқиқлаш лозим.
  • Ҳудудлар раҳбарларининг сайланиши. Маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбари маҳаллий аҳоли томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан икки муддатдан кўп бўлмаган муддатга сайланиши тўғрисидаги нормани киритишни таклиф қиламан. Маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбарларини сайлаш тартибига ўтиш зарурлиги ҳақида Президент ҳам бир неча бор таъкидлаган эди.
  • Ижро ҳокимияти ҳудудий вакиллик ҳокимияти (маҳаллий кенгаш) олдида ҳисобдор бўлиши. Маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбари маҳаллий кенгаш олдида ҳисобдор бўлиши ва кенгаш томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ҳудудни ривожлантириш сиёсатини амалга ошириши лозим, аксинча бўлиши керак эмас — ҳозир эса кенгаш ҳоким томонидан тақдим этилган ҳудудни ривожлантириш бўйича дастурларни, бош режани ва туман, шаҳарлардаги қурилиш қоидаларини тасдиқлаши таклиф қилинмоқда (100 моддага таклиф этилган ўзгартиришлар). Шунингдек, кенгаш маълум шароитларда унга нисбатан ишончсизлик вотуми эълон қилиш ҳуқуқига эга бўлиши керак.
  • Халқ ҳокимияти. 2- ва 7-моддалар (халқ ҳокимиятчилиги) қоидаларини тўлиқ ҳаётга тадбиқ қилиш учун сенаторларни тўғридан-тўғри сайлаш механизмини жорий этиш (қайси ҳудуддан вакил сифатида Сенат ишида қатнашадиган бўлса, шу ҳудуд аҳолиси томонидан сайланиши) ва сенаторларни давлат раҳбари фармони асосида тайинлаш амалиётидан воз кечиш, шунингдек, депутатлик ва сенаторликка мустақил номзодлар кўрсатиш (ўзини-ўзи номзод сифатида кўрсатиш) институтини мустаҳкамлашни таклиф этаман.
  • Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдидаги жавобгарлиги. Ушбу тамойилни амалга ошириш мақсадида депутат ёки сенаторнинг сайловчилар томонидан мандатини чақириб олиш (бекор қилиш) институтини жорий этишни таклиф этаман.

Ҳокимият тармоқларининг мустақиллиги, бошқа тармоқлар томонидан ваколатларнинг эҳтимолий суъистемол қилинишига қарши кураша оладиган механизмлар борлиги, жамиятда мавжуд турли хил фикрларнинг ҳокимият органларида ва ОАВ орқали тақдим этилиши (Қорақалпоғистондаги воқеалардан сўнг мулоқот ва коммуникациянинг йўқлиги ҳақида кўпчилик гапирди — журналист ва экспертлардан тортиб Сенат раисигача), шунингдек, ўзимиз қабул қилган қонунлар ва нормаларни ҳурмат қилиш ва уларга риоя қилиш мамлакатнинг барқарорлигини таъминлайди ҳамда шунга ўхшаш инқирозларни тўлиқ бартараф этмаса-да, уларнинг хавфини анча камайтиради. Ислоҳотларнинг устувор мақсади ҳам айнан шу бўлиши лозим.

Ўзимиз қабул қилган қонунларнинг ҳурмат қилиниши ва уларга риоя этилиши ҳақида. Конституция цензурани тақиқлайди, чунки айнан ОАВ коммуникация ва мулоқотни йўлга қўйишда кўмаклашади. Улар «эҳтиросларни» муҳокамалар томон йўналтиради ва ҳар бир томонга ўз позициясини бошқа томонга етказишга, кўчаларда ва майдонларда эмас, қоғозда «хуморидан чиқишга» имконият яратади.

Ва ҳар сафар «юқоридаги» кимдир «чегарадан чиқиб кетган» таҳририят муҳарририга телефон қилишни хоҳлаб қолганида, маълумот устидан кенг ва исталганча назорат ўрнатилиши қимматга тушишини ва бу негатив тўлқинларни келтириб чиқаришини ёдда тутиш лозим. Маҳаллий ОАВда мавжуд бўлмаган маълумот ва таҳлилнинг ўрнини тезда, эҳтимол ўз мақсадларига эга хорижий ОАВлар ёки тушунарсиз Telegram-каналлар эгаллаб олади. Бундай каналлар ўз материаллари ҳаққонийлиги бўйича масъулиятни ҳис қилмайди ва бундай ҳолда фейкларга ишонмаслик бўйича чақириқлар ҳам ёрдам беролмаслиги мумкин.