Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича қонун лойиҳаси эълон қилинганда, сиёсий тизимимизнинг асосий муаммоси биринчи ўринга чиқди: қарор қабул қилиш жараёнида жамият билан мулоқотнинг тўғри йўлга қўйилмаганлиги.

Тан олиш керак, мамлакат раҳбарияти қабул қилинган қарорлар ҳақида аҳолини хабардор қилиш ва уларни пиар қилиш борасида ютуқларга эришди. Лекин буларнинг барчаси коммуникация стратегиясининг бир қисми бўлиши керак, унинг ўрнини эгаллаши керак эмас. Фақат маълумот бериш ва пиар орқали самарали коммуникацияни йўлга қўйиб бўлмайди. Жамиятдаги кайфиятни яхши тушуниш, жамоатчилик фикри билан доимо ишлаш ва уни чуқур таҳлил қилган ҳолда қарорларни қабул қилиш лозим.

Расмийларнинг мулоқот ўрнатишдаги вазифаси — жамиятни ёки ҳар қандай бошқа аудиторияни қабул қилинган қарорнинг тўғрилигига ишонтириш, юзага келадиган қисқа муддатли камчиликларни намойиш қилиш ва узоқ муддатли афзалликларни кўрсатишдан иборат. Мухтасар қилиб айтганда, ғояни катта жамоатчиликка «сотиш» керак ва унинг қўллаб-қувватловига эришиш лозим.

Бу билан асосан рақобатли сайловлар ва ҳокимият учун кураш мавжуд бўлган сиёсий тизимларда шуғулланишади. Бундай тизимларда сиёсий партиялар турли хил рақобатли дастурларни таклиф қилишади ва айнан ўзларининг дастури энг мақбули эканлигига жамиятни ишонтиришга ҳаракат қиладилар. Бундан келиб чиқадики, ваколат муддати охирига яқинлашгач кейинги сайловларда ғалаба қозониш имконияти ушбу дастур қанчалик самарали амалга оширилганига боғлиқ бўлиб қолади. Рақобатли сайловлар бўлмаган, бутун давлат аппарати — давлат идоралари ва сиёсий партиялардан бошлаб давлат ННТлари ва ОАВларгача — юқоридан туширилган ягона дастурни тарғибот қиладиган мамлакатда қарор қабул қилиш жараёнида коммуникация устувор бўлмайди.

Ўтган ҳафта расмийларимиз Қорақалпоғистонда жамият билан мулоқотга эътибор бермаслик ва стратегик қарорларнинг парда ортида қабул қилинишининг оқибатлари билан тўқнаш келишди. Айниқса ўта нозик масалаларда. Айниқса, давлат таркибидаги этник ҳудудий тузилмалар ҳақида гап кетганда. Умид қиламизки расмийлар бир нарсани англаб етишди: ҳар қандай қарорлар жимгина маъқулланишига ёки маъқулланмаса-да, жим турилишига ҳар доим ҳам умид қилиб бўлмайди.

Қорақалпоғистон Республикасининг мақоми ва унинг Ўзбекистон таркибидан чиқиш ҳуқуқи (30 йил ичида ҳеч ким бу ҳуқуқдан фойдаланишга ҳаракат ҳам қилмади) тўғрисидаги моддаларни олиб ташлашга уриниш йўқ жойда жиддий муаммони келтириб чиқарди. Муаммо Қорақалпоғистоннинг мақомини ўзгартириш қарорида ҳам эмас, балки бу қарорнинг қандай қабул қилингани, у ҳақида қандай хабар берилгани (бу ҳақда хабар берилмади) ва қорақалпоқ жамиятининг норозилигига биринчи реакция қандай бўлганлигида (ҳеч қандай реакция бўлмади).

Муҳим бир нарсани олдиндан айтиб қўймоқчиман. Ҳар қандай давлат таркибига кирувчи этник ҳудудий тузилмаларда ҳар доимо маълум даражада сепаратистик ғоялар мавжуд бўлади. Бундан қочиб бўлмайди. Бироқ а) ушбу ғояларнинг жамиятда қанчалик қўллаб-қувватланиши; б) уларнинг маълум бир ҳаракат ёки партияда қанчалик даражада тизимлаштирилгани; ҳамда в) давлат ушбу ҳудудларда яшайдиган халқларнинг мақоми, маданияти, ўзлиги ва бошқа ҳуқуқларига нисбатан қанчалик тўғри сиёсат олиб бораётганлиги муҳим.

Қорақалпоғистон ҳолатида эса, бундай кайфиятлар бўлган тақдирда ҳам, улар жуда узоқларда яширинган ва кенг жамоатчилик фикрига таъсир қилиш кучига эга эмас эди. Қорақалпоғистонлик сепаратистик ҳаракатлар ҳақида эшитган бўлсак ҳам, бу — Қорақалпоғистоннинг ўзида анчадан бери яшамайдиган ва аҳолини фаол ҳаракатларга ундай олмайдиган активистлар ҳақидаги хабарлар эди. Бизникига ўхшаш ҳолатларда расмийлардан талаб қилинадиган ягона нарса бу — ҳудуд аҳолисининг ҳиссиёти билан ўйнашадиган ва жиддий норозикларни келтириб чиқарадиган қарорларни қабул қилмаслик ҳамда ўзи шундоқ ҳам содиқ (лоял) жамиятни сепаратистлар қўлига топшириб қўймаслик.

Нукусдаги авиакасса якшанба куни. Республикада интернетга уланиш ҳали ҳам чекланган. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Шу ўринда бир нечта саволлар пайдо бўлади.

Қорақалпоғистон бўйича таклиф этилган ўзгартиришлардан мақсад нима эди? Йиллаб ёки ўнлаб йиллар давомида сепаратистларнинг ажралиб чиқиш учун ҳаракатлари ортидан можаролар давом этаётган Озарбайжон, Грузия, Украина ва Молдованинг салбий мисоллари инобатга олинганди дейлик. Кремлнинг постсовет давлатларида маҳаллий можароларни ора-сирада музлатиш ва авж олдириш мақсадида самарасиз квази-давлатларни тузиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсати ҳам вазиятни чигаллаштиради. Бундай хатарлар ҳақиқатда долзарб. Айниқса сўнгги йилларда постсовет давлатлари мавжудлигининг легитимлиги, уларнинг чегаралари ва давлатчилиги Москванинг расмий вакиллари томонидан мунтазам равишда шубҳа остига олинадиган шароитда.

Бироқ, давлатимиз таркибидаги бутун бир бошли республиканинг ажралиб чиқиш ҳуқуқини огоҳлантиришсиз Конституциядан чиқариб ташлаш орқали ушбу хатарнинг олдини олиш — муаммога самарали ечим бўлмайди. Қайтариб ўтаман, 30 йил ичида бирор маротаба бу ҳуқуқдан фойдаланишга уринишлар бўлмаган. Эҳтимолий сепаратизм ва ташқи кучларнинг аралашувидан қўрқиб, ҳозирнинг ўзидаёқ сепаратизмга чорловларга тўқнаш келдик. Шундай экан, агар сепаратистик кайфиятларнинг олдини олиш бўйича превентив чораларни кўриш вазифаси қўйилган бўлса, унда у муваффақиятсизликка учради.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистоннинг мақомини ўзгартириш бўйича режалардан нима мақсад кўзланганлигини фақат тахмин қилишимиз мумкин, чунки расмийлар бунга расман изоҳ бермади. Фақатгина Конституцион комиссия экспертларининг қорақалпоқ жамияти бу борада тегишли таклифлар берганлиги ва республика парламенти уларни бир овозда маъқуллагани ҳақидаги баёноти ОАВда кўриниш берди холос. Бироқ аксарият постсовет мамлакатларида бундай баёнотларга танқидий назар билан қараш лозим. Сўз эркинлиги чекланган ва фуқаролик жамияти шаклланмаган мамлакатларда жамоатчилик фикри нисбий нарса. Воқеалар ривожи кўрсатганидек, Қорақалпоғистон аҳолиси республика мақомини ўзгартириш умуман хоҳлашмаган. Бундан ташқари, сепаратистлар ва ушбу мавзудан фойдаланмоқчи бўладиган ташқи кучлар мамлакат қонунлари билан умуман қизиқмайди. Уларнинг таъсирларига қарши алоҳида мақомга эга бўлган ҳудуд аҳолиси билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш, уларда унутилганлик ҳисси шаклланишининг олдини олиш, бошқалар билан тенг имкониятлар ва муносиб ҳаёт даражаси билан таъминлаш орқали курашиш самаралироқ.

Яна бир савол бор. Қарор қабул қилиш жараёни қандай кечган? Қарор бир нечта даражаларда кўриб чиқилганлиги тушунарли. Шундай экан, нима учун ҳеч қайси даражада ҳеч ким айнан Қорақалпоғистон бўйича ўзгартиришларни шундай кўринишда ва шундай услубда қабул қилиш керакмаслигини айтмади (балки айтгандир, лекин ишонтира олмагандир)? Жамият билан жуда эҳтиёткорона, машаққат билан ва узоқ муддат ишлаш кераклиги, бир вақтнинг ўзида ҳам республиканинг махсус мақомини, ҳам Ўзбекистон чегаралари дахсизлигини англатадиган барча томонларни қаноатлантирадиган йўлларни топиш лозимлиги ҳақида нега гапирилмаган? На қарор қабул қилувчилар, на жамият бундай оқибатларга тайёр бўлмаса, энг яхшиси бундай мураккаб мавзуни умуман кўтармаслик керак.

Масаланинг яна бир жиҳатига эътиборни қаратиш лозим. Қорақалпоғистонда жамиятнинг ўзгартиришлар бўйича норозилигидан Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқишгача чорловларга ўтиш жуда тез амалга ошди. Бунда хоҳлаганча ташқи кучларни айблаш мумкин ва улар ҳақиқатда жараёнга аралашган. Лекин шуни унутмаслик керакки, биринчидан, инқироз айнан давлат тизимимиз ичидаги хатолар сабабли юзага келди ва кескинлашди. Ахир ўзгартиришлар эълон қилинганига қадар Нукусда ҳеч қандай ноқонуний митинглар бўлмаганди, ҳеч ким одамларни Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқиш чорловлари билан йиғмаётганди ва референдум ўтказишни талаб қилмаётганди. Балки, бу масаланинг умуман кун тартибида бўлмаганидандир?

Иккинчидан эса, жамиятда носоғлом жараёнлар бошланганда, ҳар қандай тузум — энг демократигидан тортиб энг тоталитаригача — вазият ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетишидан умид қилиб, жим туриши керак эмас. Ҳал бўлмайди. Давлат ўзи шуғулланмаса — вазият кескинлашиб бораверади ва бу муаммо билан бошқалар шуғуллана бошлайди, бунда ҳам ичкаридаги, ҳам ташқаридаги кучлар фаоллашади. Бизнинг ҳолатда ташқи куч бўлган бўлса ҳам, у етарлича чегараланган эди, жиддий акторлар эса, бахтимизга, жараёнга аралашишмади. Бироқ, агар муаммо оператив тарзда ечилмаса, ташқи омилнинг ўрни кучайиб бораверади. Шунинг учун ҳам расмийлар ушбу вазиятдан чиқиб кетиш йўлини иложи борича тезроқ топишлари керак, акс ҳолда ҳар бири ўз манфаатларини илгари сурадиган жуда кўплаб ташқи акторлар аралашишни бошлаши мумкин.

Фавқулотда ҳолат режими амал қилишни бошлаган якшанба кунида Нукус кўчаларида сокинлик ҳукм сурарди. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Юзага келган вазиятда мамлакат раҳбариятида муаммони шошилинч тарзда ечишдан бошқа чора қолмаганди. Шанба ва якшанба кунлари президент Шавкат Мирзиёев Нукусда бўлди. У Корақалпоғистон тўғрисидаги моддалар ўзгартирилмаслигини таъкидлади, қорақалпоқ жамиятининг норозиликлари ҳақида унга хабар бермаганликлари учун амалдорларни танқид қилди ва қорақалпоқ халқининг манфаатларини ҳимоя қилишга тайёрлигини кўрсатди. Шу билан бирга, республика ҳудудида бир ойга фавқулотда ҳолат киритилди, унга риоя қилиниши Миллий гвардия томонидан назорат қилиниши белгиланди.

Қорақалпоғистоннинг конституцион мақомини ўзгартиришни бекор қилиш қарори ҳозирги ҳолатда ягона тўғри қарор бўлди. Шу билан бирга, мамлакат раҳбариятининг ушбу қарори заифлик белгиси сифатида баҳоланмаслиги керак. Жамият норозилигига учраган хато қарорлардан воз кечиш мамлакатимизда одат тусига кирса янада яхши бўларди. Ҳар қандай масала бўйича жамият фикри эътиборга олинганлиги ва қарор тўғриланганлигининг намойиш қилиниши бу — айнан расмийлар ва аҳоли ўртасидаги узилишнинг олдини олиши мумкин бўлган чора. Расмийлар реалликдан бохабар бўлмаган ва жамиятдаги кайфиятлар билан ишлай олмайдиган, жамият эса жуда чарчаганлигидан расмийларни тан олишни хоҳламайдиган вазиятда нима содир бўлишини революция ва фуқаролик низоларига бағишланган тарих дарсликлари батафсил таърифлаб беради.

Ҳозир Қорақалпоғистондаги инқирозни ечишда Ўзбекистон ҳукумати «таёқ ва ширинлик» услубини қўллаётганлиги кўринмоқда. Бир томондан, йўл қўйилган хатолар шошилинч тарзда тўғриланяпти, қорақалпоқ жамиятига компромиссга бориш ва республика мақомини ўзгартирмаслик бўйича талабни эшитишга тайёрлик намойиш қилинмоқда. Бошқа томондан, «тартибсизликлар ташкилотчилари ва маъмурий биноларни эгаллашга уринган шахслар» бўйича жиддий баёнотлар келгусида Ўзбекистондан ажралиб чиқиш бўйича чорловларга қатъий чоралар билан жавоб берилишини ва уйга тарқалиш кераклигини билдирмоқда. Умуман олганда, бунга тайёрлик 1 ва 2 июль кунлари кўчага чиққанларни тарқатиш пайтида намойиш қилинди.

4 июль бўйича расмий маълумотларга кўра, тўқнашувлар вақтида 18 киши вафот этган. Қон тўкилганлигининг ўзи Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон жамиятлари енгиб ўтиши керак бўлган тўсиққа айланиб улгурди. Ўтган ҳафтада юзага келган инқирознинг узоқ муддатли оқибатлари ҳақида гапиришга ҳали эрта. Улар вазиятни барқарорлаштириш жараёни қандай кечишига боғлиқ бўлади.

Расмийлар ҳам, жамият ҳам бир-бирига қарши радикал чоралар кўришдан тезроқ воз кечиши муҳим. Расмийлар вазиятдан ўз сиёсий мақсадлари йўлида фойдаланишга уринаётган провокаторларни қабул қилинган қарор ҳақида кеч хабардор бўлиб, адолатли тарзда норозилигини билдирган жамиятдан ажрата билишлари лозим.

Муаммоларни ечиш учун репрессив аппаратни ишга тушириш, тинч аҳолини таъқиб қилиш ҳамда қурбонлар ва жабрланганларнинг келгусида сони ошиши вазиятни янада кескинлаштиради. Қорақалпоқ жамияти ҳам худди шундай стратегияни қабул қилиши керак. Улар республика мақоми ҳақидаги қарор қандай қабул қилинганлигидан хафа бўлишга тўлиқ ҳақли, лекин Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид соладиган қуруқ сепаратизм томонига оғиб кетишлари керак эмас. Оқилона ва прагматик қарорга келинмаса, можаро чўзилиб кетиши ва томонлар орасидаги жарлик чуқурлашиб бориши мумкин. Бу эса вақти-вақти билан эскалацияга олиб келиши, ҳаттоки эскалация ва душманлик ҳолатини доимий қилиб қўйиши ҳам мумкин.

Ҳозир Қорақалпоғистондаги воқеалар ҳудудий яхлитлик ва халқларнинг ўз тақдирини ҳал қилиш ҳуқуқи тамойиллари ўртасидаги азалий қарама-қаршиликнинг навбатдаги эпизоди сифатида тақдим этилмоқда. Бироқ вазиятни фақат ушбу контекстда кўриб чиқиш керак эмас, чунки бу бизни содир бўлган воқеаларнинг асосий сабабидан узоқлаштиради. Муаммонинг асосий сабаби эса ҳар қандай қарорларнинг самарасиз амалга оширилиши ва уларни қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг турли фикрлари ҳақиқатда ҳисобга олинмаслиги.

Бир неча йил олдин Самарқандда қандайдир муҳим тадбирдан олдин тартиб ўрнатиш бўйича қарор уйсиз ва ҳаттоки хонаки ҳайвонларнинг оммавий ўлдирилгани билан якунланганини эслайлик. Ёки шаҳар инфратузилмасини янгилаш бўйича қарор фуқароларнинг уйидан мажбуран кўчирилиши ва мулки «снос» бўлишига олиб келганини. Ёки шахсий маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қарор қисқа муддатга бўлса ҳам ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларнинг блокланишига олиб келганини. Ушбу ва бошқа кўплаб ҳолатлар Қорақалпоғистондаги кейс билан биргаликда битта занжирнинг қисмлари бўлиб, уларнинг илдизида битта муаммо ётади.

Агар қарор қабул қилиш жараёнида масъул ижрочилар стратегик фикр юритганида, барча эҳтимолий оқибатлар ҳақида ўйлаганликларида ва шошилиб, парда ортида вазифани бажармасдан, барча қадамларни пухта тузиб чиққанларида, Қорақалпоғистондаги фожиавий воқеаларнинг олдини олиш мумкин бўларди. Ёки расмийлар ва партиялар қорақалпоқ жамиятида юзага келган саволларга республика мақоми ҳақидаги ўзгартиришлар лойиҳаси эълон қилинганининг биринчи кунларидаёқ реакция билдиришганларида. Фақатгина президент ушбу ўзгартиришлардан воз кечилиши ҳақида баёнот берганидан сўнггина депутатлар ва сенаторлар Қорақалпоғистон ҳақида чиқишлар қилишни бошлашди, душанба куни эса бошқа ўзгартиришларнинг оммавий муҳокамасини яна 10 кунга чўзиш бўйича қарор қабул қилишди.

Расмийларимиз ниманидир тўғри қилишни хоҳлашса, буни астойдил амалга оширишини амалиётда кўрганмиз. Демак, бизга кимдир тайёр эмаслиги, кадрлар йўқлиги, ресурслар йўқлиги ва ҳоказолар ҳақида гапиришни бошлашганда — гап уларнинг нимагадир қодир эмаслигида эмас, шунчаки хоҳишнинг йўқлигидандир. Ўзбекистон давлат бошқаруви тизимининг энг асосий муаммоси ҳам шунда. Тажрибани орттириш, билим ва технологияларни олиш, кўникмаларни эса ривожлантириш мумкин. Лекин ниманидир тўғри қилиш ва ишлаш хоҳишининг йўқлиги билан курашиш жуда қийин.

2016 йилда жуда катта мақсадларни қўйган ислоҳотлар дастури эълон қилинди, турғунликдан чарчаган халқ уни катта энтузиазм билан қарши олди. Бу мамлакат раҳбариятига жамиятнинг содиқлигини (лояллик) таъминлаб берди, бу эса трансформация жараёнини бошлаган ҳар қандай ҳукумат учун керак. Ва бу трансформация жараёни, қанчалик қарама-қаршиликлари бўлмасин, қатор ижобий натижаларга олиб келди. Бироқ, кейинги қадамни қўйиш вақти келганида, биз негадир бир жойда тўхтаб қолдик, расмийларда эса уларнинг ҳар қандай қарорлари ўз-ўзидан маъқулланиши кераклиги ҳақида тасаввур пайдо бўлди.

Жамиятни ёпиқ эшиклар ортида қабул қилиб бўлинган қарорлар ҳақида хабардор қилишдан иборат биртомонлама коммуникациядан воз кечиш лозим. Сиёсатни амалга оширишнинг бундай услуби вақти-вақти билан инқирозларга олиб келади. Ва ҳеч ким эртами-кечми муаммога оператив ечим топилмай, вазият ҳақиқатда даҳшатли тус олишидан суғурталанган эмас, ана ўшанда давлат хавфсизлиги жиддий хавф остида қолган бўлади. Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлиги эса, айниқса ҳозирги даврда, умуман сўроқ остига олинмаслиги керак. Айнан шунинг учун ҳам ўзимиз йўқ жойдан ҳудудий яхлитликка таҳдидлар яратмаслигимиз керак.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Юрий Саруханян — Халқаро муносабатлар соҳаси бўйича мутахассис. «Серия пенальти» Telegram-канали муаллифи.