Журналист, сиёсий шарҳловчи Хайрулла Нуритдинов шанба куни «Ўзбекистон24» телеканали орқали намойиш этилган «Менимча» кўрсатувининг навбатдаги сонида Нукус воқеаларига тўхталиб ўтди.

«Агар бизда чинакам социологик, политологик мустақил тадқиқот институтлари кўп бўлганида эди ва фаол ишлаганида эди, нафақат умумхалқ кайфияти, балки кам сонли халқларнинг ҳам ижтимоий кайфияти, ўй-хаёли доимий тадқиқот қилиб келинганда эди, мамлакат етакчиси шунча куюнчаклик билан тинимсиз тайинлаб келаётган халқ билан мулоқот тизимида жойлардаги сусткашлик туфайли узилишлар бўлмаганида эди Қорақалпоғистон воқеасининг олдини олиш мумкин эди, менимча», — деди журналист.

Унинг сўзларига кўра, агар юқоридаги чоралар вақтида кўрилганида қорақалпоқ халқининг кўчага чиққан вакиллари бузғунчиларнинг алдовларига учмаган бўларди.

«Албатта, ўша воқеа Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва Ўзбекистон халқининг ичига низо солиш жинояти бўлди. Бунга албатта ҳуқуқий баҳо, қонуний жазо бўлади», — деди у.

«Менимча» кўрсатуви муаллифи айни шу воқеалар фонида Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродасига ҳам ўз наздида тариф бериб ўтди.

«Ўша воқеа пайтида эса Шавкат Мирзиёев 2 кун кетма-кет Нукусда бўлгани, одамлар билан мулоқот қилгани, бўлиб ўтган воқеалар адолатли ва очиқ ўрганилиши ҳақида қатъий сўз айтгани, Конституцияда Қорақалпоғистон билан боғлиқ масалага нуқта қўйгани, аслида, давлатнинг кучини намоён қилди, менимча. Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон заминида ёнган оловни ўчирди», — деди Хайрулла Нуритдинов.

Унинг фикрича, «Ўзбекистон тарихида ўша кунлар ўчмас саҳифа бўлиб қолади».

«Ҳақиқатни тан олайлик, Ўзбекистон етакчиси Қорақалпоғистонни қутқариб қолди, аслида», — деди у.

Кўрсатув давомида сенатор Орал Атаниязова Нукус воқеасидан сўнг, депутатлар билан бирга ўзи сайланган ҳудуддан ҳам бошқа жойларга бориб, халқнинг дарди, фикрини эшитаётганини таъкидлаган.


«Жабр кўрган халққа улкан ёрдам берилаяпти. Тез орада бугунги кунгача мавжуд барча муаммоларни ҳал этиш учун маблағ ажратилиб, ким қандай ариза ёки сўров бериб мурожаат қилган бўлса, бир неча кун ичида ечилади. Куни кеча бир икки одам кредит оломаяпман деди, ана шу кредитни олиб бериш учун мен бугун рухсат олдим. Ҳозир ҳар бир депутат бир-икки кун ичида тинмасдан халқ орасига кириб, муҳтожликларини ўрганиб, кейин уни штабга айтиб, масала ечилишига ҳаракат қилаяпти», — деди у.

«Менимча»да шунингдек, сўнгги 5 йил ичида аввал мутлақо қилинмаган ишлар, жумладан, 1,730 млн гектар майдонга саксовул ва бошқа чидамли ўсимликлар экилгани, Мўйноқнинг ўзига 1 трлн сўм ажратилгани таъкидланди.

Бундан ташқари, сўнгги 5 йилда Қорақалпоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий оғриқларига жавоб топиш учун 17 трлн сўм йўналтирилгани, бугун қорақалпоқ аҳолисининг даромади 2016 йилга нисбатан деярли 3 бараварга, ЯИМ эса 132 фоизга ўсган. Марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 2016 йилдаги 40 фоиздан 68 фоизга етказилди.

Янги боғчалар, мактаблар, университетлар, шифохоналар очилганини таъкидлаган Хайрулла Нуритдинов шундай деди: «Билган билади, билмаган ўзи билади».

Аввалроқ, «Газета.uz» мухбири Нукусдаги намойишлар ҳақида воқеа жойидан бир қанча фото ва таҳлилий (1, 2, 3, 4) репортажларни тайёрлаганди.

Бундан ташқари, халқаро муносабатлар соҳаси бўйича мутахассис Юрий Саруханян Қорақалпоғистондаги фожеа жамият билан мулоқот қилишга эътибор берилмаслиги ҳамда стратегик муҳим қарорлар парда ортида қабул қилиниши нималарга олиб келишини намойиш қилгани ҳақида мақола ёзганди.