Президент фармони билан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар бўлган даврда фавқулодда ҳолат жорий этилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда қайд этилишича, мазкур қарор фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш мақсадида қабул қилинди.

«Ўзбекистон 24» телеканали эфирида ўқиб эшиттирилган фармон матнига кўра, «Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат амал қилиш даврида соат 21:00 дан соат 7:00 га қадар комендантлик соати жорий этилди».

Фавқулодда ҳолат амал қилиш даврида Қорақалпоғистон комендатураси ташкил этилиб, унга Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондони Рустам Жўраев Қорақалпоғистон ҳудуди коменданти этиб тайинланди.

Фавқулодда ҳолат амал қилиши даврида қуйидаги чора ва вақтинчалик чекловлар ўрнатилмоқда:

  • жамоат тартибини, ўта муҳим ва тоифаланган объектларни ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминловчи инфратузилма объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилади;
  • Қорақалпоғистон Республикасида ҳаракатланиш эркинлиги шу жумладан транспорт воситалари учун чекланади;
  • жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари текширилади, уларнинг шахсий кўрикдан ўтказилади, улардаги ашёлар ва транспорт воситалари кўздан кечирилади;
  • Қорақалпоғистонга кириш ва ундан чиқиш чекланади;
  • тинч йиғилишлар, кўнгилочар, спорт ва бошқа оммавий тадбирлар ташкил этилиши ва ўтказилиши тақиқланади;
  • юридик шахслар фаолиятини тўхтатиб туриш ёки тугатишга қаратилган иш ташлашлар ва бошқа ҳар қандай ҳаракатлар тақиқланади;
  • қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар, махсус воситалар, заҳарли моддалар сотилиши тақиқланади. Шунингдек, дори ва гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ҳамда этил спирти ва алкогол маҳсулотлари муомаласининг алоҳида тартиби жорий этилади.
  • жисмоний шахслардан қурол ва ўқ-дорилар, заҳарли моддалар, юридик шахслардан эса қурол, ўқ-дорилар ва заҳарли моддалар билан бир қаторда ҳарбий ва ўқув-ҳарбий техника, портловчи ва радиактив моддалар вақтинчалик олиб қўйилади.