Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни «Янги Ўзбекистон» боғида Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда ёшлар учун янги имтиёз ва субсидиялар тақдим этилишини маълум қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Давлат раҳбари форумга Ўзбекистон ёшларини қўллаб-қувватлаш бўйича янги чоралар билан келганини таъкидлади. Унинг айтишича, мамлакатда замонавий касб ва билимларни эгаллаш имкониятлари кенгайтирилади.

«Ҳар сафар сизлар билан учрашувга тайёргарлик кўраётганимда, мени бир савол чуқур ўйлантиради. Эртанги кунимиз эгалари ҳисобланган ёшларимизнинг янада баркамол бўлишлари учун яна қандай шарт-шароит ва имкониятларни яратиб беришимиз лозим?», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, эндиликда 14−17 ёш оралиғидаги 3 млн нафарга яқин ўғил-қизларга ҳам «Ёшлар дафтари»да кўзда тутилган имтиёз ва енгилликлардан фойдаланиш имконияти яратилади. Хусусан, унда назарда тутилган имтиёзлар амалдаги 11 тадан 25 тага кўпайтирилади.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу дафтарга киритилган ёшларга замонавий касблар, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни ўрганиши учун ҳар бирига ойига 1,2 млн сўмдан субсидия берилади.


«Бундан буён, хусусий таълим муассасаларида IT бўйича ўқиш (дастурлаш, веб-дизайнер, анимация) истагини билдирган ёшларга ҳам 20 млн сўмгача миқдорда 4 йиллик имтиёзли кредит тақдим этилади», — деди президент. Шунингдек, ёшларга илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги тўгараклар учун 6 ой давомида 300 минг сўмдан пул тўланади. Бундан ташқари, ушбу йўналишлар бўйича маҳаллий олимпиадаларда қатнашувчиларга харажатлари учун 1,2 млн сўмдан, нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этувчилар учун 12 млн сўмдан пул берилади.

«Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари учун йилда бир маротаба мактаб формаси ҳамда ўқув қуролларини сотиб олиш харажатини давлат ўз зиммасига олади.

2022−2023 ўқув йилидан бошлаб мусиқа санъати бўйича таҳсил олаётганларга қуйидаги имтиёзлар берилади:

  • мақом хонандалиги, мақом чолғу ижрочилиги ва бахшичилик йўналишларига янги қабул қилинган талабаларнинг контракт тўловлари тўлиқ давлат томонидан тўлаб берилади;
  • фортепиано ижрочилари тайёрлаш бўйича қабулни 3 баробарга кўпайтириб, бу йўналишда ҳам контракт тўловлари тўла давлат томонидан қоплаб берилади.

Бундан ташқари, энди техникумларга қабул йилда 2 марта ташкил этилиб, талабалар учун давлат гранти сони 2 баробарга оширилади. Шунингдек, техникумлар учун таълим кредити жорий қилинади ва 80 мингдан зиёд ёшларга кредит бериш учун молиявий ресурс ажратилади.

Республикада хорижий тиллар бўйича билим беллашувларида юқори натижаларга эришган 70 нафар ўқувчи ва уларнинг 14 нафар устозлари давлат ҳисобидан Буюк Британияга сафарга юборилади.

Давлат раҳбари ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласига ҳам тўхталди. «Бир йил давомида тадбиркорлик дастурларига 4 трлн сўм йўналтириш орқали 220 минг нафар ёшларнинг бандлиги таъминланади. 130 минг нафар ёшларга касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқиши учун 160 млрд сўм субсидия ажратилади. 110 мингдан зиёд ёшлар эса давлат корхоналари ва хусусий сектордаги бўш иш ўринларига жойлаштирилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳаларига 250 млрд сўм субсидия ва компенсациялар берилади. Айни пайтда, уларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги фаолиятини ҳам тизимли равишда рағбатлантириб борилади.

Унинг қўшимча қилишича, энди ҳар йили ўқув йили якунланиши билан ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ҳар бир ҳудуд алоҳида дастур қабул қилади.