Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда қатъий карантин чоралари яна кучайтирилиши, вируснинг янги штаммлари тарқалаётгани, шифохоналарда «оёқ босишга жой йўқлиги» ҳақидаги аудиоёзувлар тарқалмоқда.

ССВ матбуот хизмати мазкур ҳолатга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабековнинг муносабатини эълон қилди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, бу аудиоёзувларга яхшилаб эътибор берилса, «улар жуда таниш туюлади».

«Чунки ушбу хабарлар касаллик авж олган ўтган йилги пандемия даврида ҳам ўртага чиққан эди. Буни улардаги лексика ва умумий манзарадан ҳам сезиш қийин эмас. Бу хабарлардан бирида вируснинг янги штамми тарқалиб кетгани ҳақида сўз боради. Ҳолбуки, айни пайтда юртимизда коронавируснинг асосан „омикрон“ штамми аниқланмоқда. Бу беморларнинг 98 фоизида касаллик енгил даражада кечяпти», — деди Нурмат Отабеков.

СЭС вакили мазкур штамм тарқала бошлаганига, аслида, ярим йил бўлаётганини эслатиб ўтди.

«Ҳозирда бир кунда мамлакатда ўртача 100−120 та касалланиш қайд этилмоқда. Албатта, 35 миллион аҳоли орасида бу — жуда кичик кўрсаткич. Шундай бўлса-да, COVID-19`га чалинмасликнинг асосий ва энг самарали йўли вакцинация бўлиб турибди. 2 ёки 3 босқичли эмлашни қабул қилган фуқаролар 6 ойдан сўнг бустер дозани олишлари, шундан 6 ой ўтиб, яна қайта эмланишлари мумкин», — деди у.

Мутахассис юқоридаги асоссиз хабарларни тарқатаётган кимсалар аҳоли орасида хавотир уйғотишга ҳаракат қилаётганини қайд этди. У шунингдек, фуқаролардан ижтимоий тармоқлардаги ахборотларни соғлом ақл билан баҳолашларини, уларни тарқатаётганда асосли эканини текшириб кўришни сўради.

ССВ маълумотларига мувофиқ, мамлакатда «Стелс-омикрон» субварианти аниқланиши ортидан инфекцияни юқтириб олиш ҳолати ҳам орта бошлади, жумладан, 25 июнда — 139 киши, 26 июнда — 133 киши, 27 июнда — 91 киши, 28 июнда эса — 98 кишининг ПЗР-тести мусбат натижани қайд этди.

Бироқ шунга қарамасдан ҳануз карантин чораларини тиклаш ёки ниқоб тақиш мажбуриятини жорий этиш бўйича бирор гап-сўз йўқ.

Шу билан бирга, мазкур воқеалар ривожида — 27 июнь кунидан эътиборан Ўзбекистон президенти иштирокидаги барча юқори даражали тадбирларда мансабдорлар ва ташкилотчилар тиббий ниқоб тақа бошлади.

Шу жумладан, душанба куни президент Администрациясида ўтказилган Тошкентда амалга ошириладиган инвестлойиҳалар тақдимоти вақтида биргина Шавкат Мирзиёевнинг ниқобсиз эканлигини кўриш мумкин.

Чапдан ўнгга: Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов, президент маслаҳатчиси Равшан Гулямов, бош вазир ўринбосари — ИТСВ раҳбари Сардор Умурзаков, унинг ўринбосари Азиз Воитов, пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Бундан ташқари, президент раислигида 28 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам барча иштирокчиларни ниқобда ўтирганини кўриш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 мартидан эътиборан Ўзбекистонда ниқоб тақиб юриш мажбурий талаби бекор қилинганди. «Чунки мана вилоятларда ҳам дефакто ҳеч ким ниқоб тақмай қўйди», — деганди ўшанда бош вазир Абдулла Арипов. Қолаверса, жамоат транспорти, бозорлар, таълим муассасалари, театр, музейлар, масжидларда ниқоб тақиш тавсиявий характерга эга бўлиши белгиланганди.