7 январь куни Ўзбекистонга кириб келган хорижий давлат фуқаросида COVID-19`нинг «омикрон» штамми аниқланди, дея хабар қилмоқда ССВ матбуот хизмати. Аввалроқ вазирлик ҳали Ўзбекистонда «омикрон» штамми аниқланмагани, бироқ бу «хотиржамликка берилиш» учун асос бўлмаслигини қайд этган эди.

Маълум қилинишича, 8 январь куни республикада COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари рекорд даражада қайд этилиб, қарийб 370 нафар кишида коронавирус инфекцияси аниқланган — бир кун аввал касалланиш ҳолатлари 214 тани ташкил этган эди.

1 январдан 4 январгача бўлган даврда мамлакатда 100 тадан кам ҳолат қайд этилган эди. Пандемия бошланганидан бери расман тасдиқланган ҳолатларнинг умумий сони 200 мингдан ошди (200341). COVID-19 оқибатларидан вафот этганлар сони эса 1494 нафарни ташкил этмоқда.

Айни пайтда мамлакатда коронавирусга қарши 39,8 миллион дозадан ортиқ вакцина қўлланилган. Биринчи дозани қабул қилган аҳолининг 88,2 фоизини, барча дозаларни қабул қилганлар — 64,4 фоизини ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари сони кескин ортиши ва «омикрон» штамми қайд этилгани муносабати билан якшанба куни COVID-19 га қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан мамлакатда карантин чораларини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди.