Тошкентдаги Катта Миробод маҳалласида дарахтларни сунъий равишда қуритиш мақсадида уларнинг тагига ҳар куни икки маҳалдан дизель ёқилғиси қуйиб кетилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Давлат экология қўмитаси мазкур ҳолат ўз тасдиғини топганини маълум қилди.

Troll.uz`нинг обуначиси ёзишича, «ҳар куни эрталаб ва кечқурун дарахтлар тагларига дизель ёқилғиси қуйилади».

Тошкент шаҳар Экология бошқармаси ишчи гуруҳи ҳолат қайд этилган манзилда ўрганиш ишларини олиб борди. «Ўрганиш ишлари натижасига кўра, мавжуд дарахтларни сунъий равишда қуритишга уриниш ўз тасдиғини топиб, дастлабки суриштирув ишлари бошлаб юборилди», — дейилади хабарда.

«Ҳозирги кунда дарахтларни сақлаб қолиш ишлари бўйича ўғитлар тўкилади ва бу дарахтларни сақлаб қолиш чоралари кўрилади. Ушбу ишларни амалга оширган шахсларни суриштириш ишлари олиб борилмоқда», — деди бошқарма масъул ходими.

Қўмита эълон қилган суратлардан кўриш мумкинки, дарахтнинг ортидаги темир деворлар қурилиш майдончаси атрофини ўраб олиш ўрнатилган. Катта эҳтимол билан дарахтларни сунъий равишда қуритишдан қурилиш компанияси манфаатдор бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2021 йил 31 декабрдаги фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий муддатсиз даврга узайтирилганди. Жарималар 5 бараварга, табиатга етказилган зарар миқдори эса 2 бараварга оширилди. Қолаверса, дарахтларни ҳар қандай ҳолатда кесиш ёки йўқ қилиш тўғрисида ҳукумат фармойишлари ва ҳокимлар қарорларини қабул қилиш тақиқланганди.