Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича тузилган махсус комиссиянинг 26 майдаги биринчи йиғилишидан хаттоки бир ой муддат ўтмасидан туриб, «Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси тайёрланди.

Бу ҳақда 22 июнь куни бўлиб ўтган Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма йиғилиши якунида ўтказилган брифингда маълум қилинди.

«Амалдаги Конституциянинг 83-моддасига мувофиқ, лойиҳа депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида қуйи палатага киритилди. Қонун Конституциянинг 66 та моддасига 170 дан ортиқ тузатишлар киритишни назарда тутмоқда», — деди депутат Жаҳонгир Ширинов.

Таъкидланишича, Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар «инсон-жамият-давлат» принципига асосланган бўлиб, миллий Конституциявий ўзликни акс эттиради ва амалдаги Конституциянинг барча бўлимларига туб ўзгартиришлар киритишни назарда тутади.

Қўмиталарнинг қўшма йиғилишида Конституциявий қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун киритишга ижобий хулоса берилди. Қайд этилишича, лойиҳага қуйи палата Кенгаши ҳам палатада кўриб чиқиш мумкинлиги тўғрисда қарор қабул қилди.

Лойиҳа энди партиялар фракцияси мажлисиларида муҳокама қилинади ва якунда Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисига биринчи ўқишга киритилади.

«Ялпи мажлисда концептуал жиҳатдан депутатларимиз томонидан кўриб чиқилганидан кейин қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига чиқариш ҳақидаги таклифларимиз ҳам тайёрланмоқда», — деди Жаҳонгир Ширинов. Яъни, депутатлар маъқуллагач Бош қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тасдиқлаш мақсадида референдум ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича Конституциявий комиссия 20 май куни Олий Мажлис Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма мажлисида тузилганди. Унга раҳбар этиб қуйи палата Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов тайинланганди.

Орадан 6 кун ўтиб, 26 май куни Комиссиянинг биринчи йиғилиши ўтказилиб, унда асосан ташкилий масалалар кўрилиб, таклифлар билан ишлаш тартиби белгилаб олинганди. Комиссия матбуот хизмати ҳар ҳафтада бир маротаба йиғилиш ўтказилиши таклифлар муҳокама қилиб борилиши айтилганди.

Конституциявий комиссия матбуот хизмати маълумотларига кўра, бугунга қадар комиссия атиги 5 маротаба (шундан биттасида ташкилий масала кўрилган) йиғилиш ўтказган — 26-май, 3 июнь, 10 июнь, 17 июнь. 18 июнда Сенат ва Қонунчилик палатасининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

20 июнь куни эса Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашиб, ўзининг таклифларини билдирди.

Конституциявий комиссиянинг махсус сайтига юборилган таклифлар асосида «Газета.uz» фуқароларнинг қизиқ ва муҳим таклифларини бир нечта (1, 2) материалга тўплаб, чоп этганди.

Уларда президентнинг ваколат муддатини ўзгартириш, «фуқаро» атамасини «ватандор» га алмаштириш, қўшфуқаролик ва қўшхотинликка рухсат бериш, Бош прокуратурани Адлия вазирлигига қўшиб юбориш, ҳокимлар ва сенаторларни сайлаш, давлат бошқарувини ўзгартириш, президентга импичмент ҳамда бош вазирга ишончсизлик вотумини эълон қилиш тартибини жорий этиш, бодикамераси йўқ ички ишлар ходимининг мақомини оддий фуқарога тенглаштириш, ўзбек тилини билишни мажбурий қилиш каби таклифлар ўрин олганди.