Ўзбекистон учун 2022 йилнинг энг муҳим ва муҳокамалар марказида бўлаётган мавзуси бу — Бош қонунни ислоҳ қилишдир. Бунинг учун тузилган Конституциявий комиссия томонидан фуқаролар таклиф ва ўз мулоҳазаларини юбориши қулай бўлиши учун турли платформалар яратилди. Шулардан бири meningkonstitutsiyam.uz веб-саҳифаси ҳисобланади.

Бугунга қадар комиссияга келиб тушаётган таклифларнинг умумий сони 20 мингдан ошиб кетди, сайтда ҳар соатда таклифлар сони ўзгариб турибди. Фуқаролар билдираётган таклифлар орасида нафақат Конституцияга тааллуқлиларини, балки умумий қонунчилик нормаларига киритиш зарур бўлган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳам кўриш мумкин. «Газета.uz» аҳоли томонидан юборилаётган қизиқ, муҳим ва ўзига хос таклифларни бир материалга жамлади.

Таклифлар орасида Бахтиёр Қурбоновнинг фикри ҳар томонлама қизиқ десак муболаға бўлмайди. У «фуқаро» сўзини ўзгартиришни таклиф қилган. Унинг таъкидлашича, «фуқаро» арабча сўз бўлиб, ўзбек тилида «камбағаллар» деган маънони англатади.

«Ўзбекистон фуқароси атамаси эса „Ўзбекистон камбағаллари“ деганидир. Бу — кўпмиллатли халқимизга нисбатан, юмшоқ қилиб айтганда, ҳурматсизлик эканлиги ўз-ўзидан равшан. Ваҳоланки, „фуқаро“ сўзи ўрнида Қозоғистонда „азамат“, Тожикистонда „шаҳрванд“, Туркияда „ватандош“ каби чиройли сўзлари ишлатилади», — деб ёзади у.


У «ватандош» жарангдор бўлсада, унчалик тўғри келмаслигини қайд этган. Чунки «-дош» сўз ясовчи қўшимчаси билан ясалган сўзлар битта объектга тегишли бўлган субъектлар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатни англатади.

«Менимча, „фуқаро“ сўзини „ватандор“ сўзи билан алмаштирилса, айни муддао бўлади. Мулкдор — мулк эгаси; пулдор — пул эгаси деганидек, „ватандор“ сўзи ҳам „ватаннинг, яъни Ўзбекистоннинг эгаси“ деган маънони англатиши кўриниб турибди. Қолаверса, оддий ватандорга „ватандор фалончиев“ деб мурожаат қиладиган давлат ҳокимияти вакили ўз олдида „камбағал“ эмас, „ўз ватанининг эгаси“ турганини ҳис қилади. Улар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар ҳам шунга яраша бўлади», — дейди Бахтиёр Қурбонов.

Сайтдаги таклифлар «фуқаро» атамасини ўзгартириш тарафдорлари бир қанча эканлигини кўрсатмоқда. Рустам Кадиров бу атамани «ватандош»га ўзгартириш кераклигини ёзган.


Фойдаланувчилардан бири Дилноза Эшмаматова коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан ўлим жазосини жорий этишни таклиф қилган.

Июнь бошида Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов ўлим жазоси ҳақида «давлат ўзи бермаган нарсасини олиб қўйишга ҳаққи йўқ» дея таъкидлаганди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ўлим жазосини бекор қилиш 2005 йилда бошланган ва 2008 йилга келиб тўлиқ мазкур жазо тури қонунчиликдан чиқариб ташланганди.

Туймурод Тухтаев номли фойдаланувчи Конституциянинг 90-моддасига («айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистоннинг президенти бўлиши мумкин эмас») ўзгартиш киритиш бўйича бир эмас, икки маротаба таклиф юборган.

Унинг фикрича, халқ ўзи ишонган ва хоҳлаган президентни кетма-кет бир неча марта сайлаш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Қолаверса, у давлат раҳбари ваколат муддатини (ҳозирда 5 йил) янада узайтириш зарурити борлигини қайд этган.

Фуқароларни Бош қонуниннг 90-моддаси қизиқтираётганини уларнинг таклифларидан ҳам билса бўлади. Яна бир Озодбек Истамов номи остидаги фойдаланувчи бир шахс фақат бир марта ва 4 йилдан ошмаган муддатга президентликка сайланиши мумкинлигини белгилаш таклифини илгари сурган.

Бахтиёр Қурбонов 90-модданинг 2-қисмидаги «Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас» иборасининг ўрнига «Айни бир шахс ўз умри давомида икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас» деган жумлани киритишни таклиф қилган.

«Президентлик муддатини учинчи, тўртинчи ва ҳоказо муддатларга узайтиришнинг иложи бўлмайди, чунки Президентликка даъвогар ҳам ҳамма қатори бир марта дунёга келади», — дейди у.

Фойдаланувчи Сайёра Абдурахманова эса юқоридаги фикрлардан фарқли ўлароқ, президент Шавкат Мирзиёевни умрбод президентликка сайлашни таклиф қилган. Унинг фикрича, «бир шахс президентликни жуда яхши бажарса номзодини охиригача қўйилишини белгилаш керак».

Бекзод Хўжаев эса «айни бир шахс сурункасига (амалда икки) уч муддатдан ортиқ Ўзбекистон президенти бўлиши мумкин эмас» деб ўзгартириш лозимлигини қайд этган.

Туйчибой Турғунов эса президентник ваколат муддатини 15 ёки 20 йилга узайтиришни таклиф қилган.


Яна бир таклифда Бахтиёр Қурбонов 33-моддадаги «Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар» жумласидан кейин «Бунинг учун ҳокимият органларидан рухсат олиш талаб этилмайди» деган сўзлар билан тўлдириш зарурлигини айтган.


Фуқаролар томонидан бирданига бир қанча таклиф киритаётганлар ҳам йўқ эмас. Мисол учун Анвар Бабакулов Қонунчилик палатаси депутатлар сони камлиги боис фикрлар хилма-хиллиги ва самарадорлик пастлигини инобатга олиб, уларнинг сонини 250 тага етказишни таклиф қилди.

Бундан ташқари, сайловда пропорционал-мажоритар тизимга ўтиш, вилоят ҳокимларининг сенаторлигини бекор қилиш, сенаторлар ҳамда ҳокимларни халқ сайлашини белгилаш, Конституциявий судни Олий судга қўшиб юбориш, Бош прокуратурани Адлия вазирлигига қўшиб юбориш, дастлабки тергов институти ўрнига суриштирув тизимини киритиш таклифлари қайд этилган. Буларни қабул қилишнинг зарурати эса қуйидаги суратда келтирилган.

Оғабек Юсупов давлатнинг юқори лавозимларида 70 ёшдан ошган раҳбарларни мажбурий пенсияга чиқариш ғояси илгари сурилган.


Яна бир таклифда Оғабек Юсупов исмли шахс қўшфуқароликка рухсат бериш тарафдори эканлигини билдирган. Унинг ёзишича, ҳозирда 64 та давлатда қўшфуқаролик мавжуд, бу бир давлатдан бошқа давлатга кўчиб юришда қулайлик яратади, шу боис «Ўзбекистон қонунчилигида ҳам қўшфуқароликни тадбиқ этиш керак».

Бошқа бир фойдаланувчи эса қўшхотинликни жорий этишнинг заруратини тушунтиришга уринган. Унинг таъкидлашича, «шу йўл орқали ажримлар ва боши очиқ аёллар сонини камайтиришга эришиш мумкин».

Саламат Сиргабаева эса Бош қонуннинг 44-моддасини қуйидагича тўлдиришни таклиф қилмоқда: «Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар юзасидан Давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилишда даъво муддати қӯлланилмайди». Бунга у амалда давлат органлари устидан шикоят қилиш муддати 3 ойлиги, мансабдорлар устидан арз қилиш эса 10 кун этиб белгиланганини, бу ҳақда барча фуқаролар ҳам билмаслигини асос қилиб келтирган.

Таклифлар орасида Шерзод Хатамов исмли фойдаланувчининг ҳам фирки эътиборга молик. Унинг сўзларига кўра, «ҳар бир туғилган бола учун давлат томонидан банкда 1000 доллар миқдоридаги омонат очилиши керак».

«Бола балоғат ёшига етгунига қадар [маблағ] фоиз ҳисобидан ўсади. Бола бу пулга хоҳласин ўқисин, хоҳласин тадбиркорлик қилсин. Бу катта йўқотишдай кўринади, лекин, боланинг шахсий ривожланиши учун молиявий кафолат бўлгани маъқул. Давлат шундоқ ҳам бир бола учун бундан кўп маблағ сарфлаяпти», — деб ёзди у.

Конституциявий комиссияга таклифларни meningkonstitutsiyam.uz веб-саҳифаси, 1341 call-маркази, почта (Конституциявий комиссияга хат юбориш бепул бўлади)
@meningkonstitutsiyam_bot Telegram-боти орқали юбориш мумкин.