Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилди. 20 май куни Олий Мажлис Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма мажлисида комиссиянинг таркиби ва вазифалари белгилаб берилди, деб хабар қилди Daryo.

Конституциявий комиссия раислигига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказининг директори Акмал Саидов номзоди тасдиқланди. У амалдаги (1992 йил 8 декабрда қабул қилинган) Конституцияни ишлаб чиқиш бўйича (биринчи президент Ислом Каримов раислик қилган) комиссия таркибида бўлган.

Комиссия раиси ўринбосарлари этиб қуйидагилар тасдиқланди:

  • ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Хаитов;
  • «Миллий тикланиш» фракцияси раҳбари Алишер Қодиров;
  • Қорақалпоғистон Жўқори Кенгеси раиси Мурат Камалов;
  • Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов.

Комиссия таркибига шунингдек, депутатлар, сенаторлар, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан вакиллар, фуқаролик жамияти институтлари, ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар ва бошқа мутахассислар киритилди.

Маълум қилинишича, Конституциявий комиссия ўз фаолиятини «жамият — ислоҳотлар ташаббускори» деган ғоя асосида олиб боради. Комиссияга аҳолининг барча қатламларидан Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни олиш борасида вазифалар қўйилди.

Конституциявий ислоҳотлар жараёни ҳақида ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» партиялари маълум қилганди. Асосий қонунни ислоҳ қилиш зарурати ҳақида эса биринчи бўлиб президент ўзининг инаугурация нутқида айтиб. бу мамлакат аҳолисидан келиб тушган таклиф эканлигини таъкидлаганди. Конституциянинг 29 йиллигига бағишланган нутқида эса давлат раҳбари Бош қомусга киритилиши лозим бўлган 9 та йўналишни белгилаб берганди. У ўзгартиришларни Конституциянинг 30 йиллиги арафасида — 2022 йил 8 декабрга қадар киритишни таклиф қилганди.

Ўтган йилнинг декабрида Акмал Саидов конституциявий ислоҳотлар зарурияти ҳақидаги мақолани эълон қилганди. Ушбу ислоҳот «яхши бошқарувни „тарғиб қилиш учун муҳим восита“ бўлиб, „ҳукумат бғинлари ўртасида назорат ва мувозанат тизимини мустаҳкамлаш, катта ҳисобдорлик, шаффофлик, иштирок этиш ва башорат қилишга“ ҳисса қўшиши мумкин»

«Газета.uz» шунингдек, колумнист Комил Жалиловнинг ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанатни сақлашнинг демократик тизимини барпо этиш, шу орқали жамият ва давлатни коррупциядан халос этиш учун пойдевор яратиш мақсадида Асосий қонунга қандай ўзгартиришлар киритиш зарурлиги ҳақидаги колонкасини чоп этганди.

Бундан ташқари, 2022 йил 18 март куни президент тиббиёт ходимлари билан учрашувда тиббий суғурта шаклларини ривожлантириш, экология оқибатида фуқаролар соғлиғига етказилган зарарни қоплаб бериш мажбуриятини давлат зиммасига юклаш, тиббиёт ходимларининг юксак мақомини таъминлаш учун Констутицияга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилганди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Конституцияси 1992 йил 8 декабрда қабул қилинганидан буён унга 16 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.