Чоршанба куни соат 07:55 да Тошкентнинг Бунёдкор шоҳ кўчасида 56-йўналишдаги (7-автопарк) «Isuzu» русумли автобус қатнов қисмини ажратиб турувчи жойдаги чироқ устунига бориб урилди.

Ижтимоий тармоқлардаги суратлардан кўриш мумкинки, бу «Халқлар дўстлиги» саройи ёнидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойи олдида содир бўлган.

«Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати ЙТҲ вақтида автобусда йўловчилар бўлмаганини маълум қилди. Ҳайдовчи 1991 йилда туғилган ва 6 йиллий иш тажрибасига эга эканлиги қайд этилган.

Ҳодисага эса автобус ҳаракатланаётган вақтида енгил автомобиль унинг ўнг томонидан кескин сиқиб ўтгани, автобус ҳайдовчиси эса олдида турган машина билан тўқнашиб кетмаслик учун рулни чапга бургани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. ЙТҲда ҳеч ким жабрланмаган, дейилади «Тошшаҳартрансхизмат» хабарида.

Ижтимоий тармоқларда эса автомобиль пиёдалар ўтиш жойи олдида тўхтагани маълум қилинмоқда.

Ҳодисани Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва «Тошшаҳартрансхизмат»нинг йўловчи транспортида ҳаракат хавфсизлигини назорат этиш бўлими томонидан ўрганилмоқда.

«Газета.uz» кенг автомобиль йўллари бўйлаб тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларидаги муаммолар ҳақида кўплаб мақолалар ёзган.

Тошкент чорраҳаларини яхшилаш лойиҳасида иштирок этаётган россиялик урбанист Аркадий Гершман яқинда пойтахтга ташрифи чоғида бундай пиёдалар ўтиш жойини биринчи марта кўраётганини қайд этганди.

«Бу ерда тахминан 20 та ҳаракат йўлаги бор: асосий йўлда 4+4 ва иккинчи даражали йўлда 5+3+3. Светофорлар эса йўқ», — деганди Гершман.

Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида мутахассис тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари фақатгина биттадан ортиқ ҳаракат йўлаги бўлмаган жойларда бўлиши кераклигини таъкидлаганди.