Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида университет ҳамда коллежга ноқонуний тарзда ўқишга киритишга уринган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.

Қашқадарёдаги ҳолатда О.Т. исмли шахс фуқаролар Ф. ва М.ни танишлари ёрдамида Қарши давлат университетининг Тарих ва Бошланғич таълим факультетларига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилганлиги айтилмоқда. Гумонланувчи бунинг эвазига жами 10 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Сурхондарёдаги ҳолатда эса Сариосиё туман Педагогика коллежи директори ўринбосари Ш.Қ. фуқаро Н.ни ушбу коллежга ўқишга киртишга ваъда берганлиги айтилмоқда. У бунинг эвазига 5 млн сўм талаб қилиб, шундан 100 долларини олганида қўлга тушди, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.