Тошкент Ички ишлар бошқармаси пойтахтда террорчилик ташкилотлари аъзоларини аниқлаш ва қўлга олиш бўйича олиб борилган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Унда қайд этилишича, йил бошидан буён «Ислом давлати» ва «Тавхид ва жиход катибаси» террористик ташкилотларга алоқадорликда гумонланган 4 та яширин, якка тартибда радикаллашиб, экстремистик ташкилот ва оқимлар ғояларини тарғиб қилиб келган 10 та «виртуал» гуруҳ ҳамда 250 нафар экстремистик гуруҳ аъзолари аниқланиб, уларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.

Ушбу тоифадаги шахслар экстремистик ва террористик ташкилотлар мафкурасини тарғиб қилиш, ўзи турган мамлакатда қўпорувчилик ҳаракатларига чақириш, жангарилар лагерлари сафига қўшилиш ва ёллаш ҳамда терроризмни молиялаштириш билан шуғулланган.

Хусусан, йил бошида Тошкент шаҳрида 27 нафар шахсдан иборат яширин экстремистик гуруҳ фаолиятига чек қўйилган бўлиб, гуруҳнинг айрим аъзолари жанговар ҳаракатлар юз бераётган ҳудудларга боришни режалаштирган ва халқаро террорчилик гуруҳларини молиялаштириш билан шуғулланиб келган.

Ҳозирда ушбу гуруҳнинг 11 нафар аъзосига нисбатан ИИВ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш), 244−1-моддалари (ишлаб чиқариш, сақлаш, жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244−2 (Диний-экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда қатнашиш) моддалари билан айблов эълон қилинган.

Бундан ташқари, олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари давомида, Тошкент вилоятида яшовчи, 2001 й.т. «А.Ш.» қўлга олиниб, у Сурия ҳудудидаги фаолият олиб бораётган «ТЖК» халқаро террорчилик ташкилоти ғоявий раҳнамоси А.Хамрабуваевнинг (тахаллуси «Ахлуддин Навкотий», Кирғизистон фуқароси) кўрсатмаси асосида, Тошкент шаҳрида яшовчи 9 нафар шахслардан иборат яширин жамоат ташкил этган бўлиб, уларнинг айримлари Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишни режалаштирган.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 244−1-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида ўтказилган тезкор-тергов ҳаракатлари давомида Тошкент вилоятида яшовчи «А.Ш.» (2001 й.т.) қўлга олинган. У Сурия ҳудудида фаолият олиб бораётган «ТЖК» халқаро террорчилик ташкилоти ғоявий раҳнамоси А.Хамрабуваевнинг (тахаллуси «Ахлуддин Навкотий», Кирғизистон фуқароси) кўрсатмаси асосида Тошкент шаҳрида яшовчи 9 нафар шахсдан иборат яширин гуруҳ ташкил этган. Уларнинг айримлари Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишни режалаштирган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида яшовчи, 18−27 ёш оралиғидаги, айримлари мактаб ўқувчилари ҳисобланган 10 нафар шахсдан иборат «ТЖК»нинг 2 та яширин гуруҳи аниқланган. Ушбу гуруҳлар фаолияти «ТЖК» нинг Суриядаги масъулларидан бири «Абу Ахмад узбекий» томонидан бошқариб келинган.

Гуруҳ аъзолари пойтахтдаги маъмурий бинолар, аҳоли гавжум жамоат жойларида қўпорувчилик ҳаракатлари содир этишни режалаштирганлар ҳамда террорчилик ташкилотлари фаолиятини молиялаштириб келишган. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида гуруҳ аъзоларидан қўлбола портловчи қурилма таркибий қисмлари ва ниқобловчи буюмлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.


Ниқобловчи буюмлар ва портловчи қурилма қисмлари

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИВ Тергов департаменти томонидан ЖКнинг 155, 244−1 ва 244−2-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда қидирувга берилган фуқароларни ишга қабул қилиш ҳам тўхтатилди. Улар Суриядаги террорчилик ташкилотлари сафида бўлиб, ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар орқали Ўзбекистондаги қариндошлари ва дўстларини террорчилик ҳаракати содир бўлган ҳудудларга боришга кўндирган.

ИИББ уларнинг фотосурат ва тахаллусларини эълон қилди:



2022 йилда хорижий махсус хизматлар билан ҳамкорлик натижасида, қидирувда бўлган 59 нафар жангари ва террорчи-экстремистик ташкилотлар тарафдорлари қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинган. Ушбу шахслар чет давлатларда террорчилик ташкилотлар сафига ёлланган бўлиб, уларнинг фаолиятини молиялаштириш, Суриядаги жангарилар лагерларига номзодларни ёллаш ва юбориш билан шуғулланган. Шунингдек, айримлари Ўзбекистонда ва ўзлари бўлиб турган мамлакатлар ҳудудида қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишни режалаштириб келганлар.

Жумладан, 2022 йилнинг апрель ойида фарғоналик, «Х.К.» (1995 й.т.) Россия ҳудудида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Ушбу шахс 2014—2015 йилларда Суриядаги «ТЖК» террорчилик ташкилоти сафида жанговар-қўпоровчилик тайёргарлигидан ўтиб, Россия ҳудудида яширин гуруҳлар яратиш, террорчилик тузилмаларни молиялаштириш каналларини йўлга қўйиш учун ташкилот етакчилари «Ш.Ш.» ва «К.Ш.» томонидан юборилган. «Х.К.»га нисбатан ЖКнинг 244−2 ва 155−3-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, «ТЖК»нинг қидирувда бўлган Туркиядаги жангариси — Самарқанд вилоятидан бўлган «Б.Д."(1998 й.т.)нинг РФнинг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида серияли қатор террорчилик хуружларини амалга оширишга қаратилган ҳаракатларига чек қўйилган. Унга нисбатан ЖКнинг 155−2, 22−3, 244−1 ва 244−2-моддалари билан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятида туғилган «С.Х.» (1999 й.т.) РФ ҳудудида қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб келинган. Маълум бўлишича, у Интернет орқали Суриядаги «Хаят Тахрир аш-Шом» халқаро террорчилик ташкилоти жангарилари сафига ёлланиб, қўлбола усулда портловчи қўрилмаларни ясаш бўйича ўқувдан ўтган ва Ўзбекистонда қайтганидан сўнг қўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширишни режалаштирган. Унга нисбатан ЖКнинг 244−1, 155−2 ва 248-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.


Яна, жорий йилда «Хизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик ташкилотининг Тошкент шаҳри ва вилоятида яшовчи беш нафар, муқаддам жазо ўтаб озодликка чиққан ўн нафар аъзоларининг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди. Улар Интернет орқали ташкилотнинг ғоявий раҳнамоларидан бири А.Холдаровнинг («Махмуд Абдулмўмин», Қиргизистон фуқароси, Руминияда яшириниб келмоқда.) ёллови таъсирига тушиб, ўзларининг маслакдошларидан иборат яширин гуруҳ тузганлар.


Шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида талончилик, товламачилик, ўғрилик ва босқинчилик билан шуғулланиб келган саккизта уюшган жиноий гуруҳнинг фаолиятига бархам берилган бўлиб, улар террорчилик ташкилотларининг ғоявий таъсирига тушиб, ноқонуний топилган даромадларидан экстремизмни молиялаштириб келганлар. Айримлари террорчилар лагерларига чиқиб кетишга тайёргарлик кўрганлар.

Хусусан, 2021 йилда Тошкент шаҳридаги «Техно олам» савдо мажмуасида тизимли равишда мобил телефонлар ўғрилаш, фирибгарлик, талончилик жиноятлари содир этиб, ҳудуддаги қўриқлаш хизмати ходимларига тан жароҳати етказиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.

Улардан 6 нафарига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов давомида бошқа жиноятларга даҳлдор 50 дан ортиқ алоқалари аниқланган ва уларга нисбатан профилактик ва маъмурий таъсир чоралари қўлланилган.

ИИББ матбуот хизматининг қайд этишича, юқорида келтирилган экстремистик, террорчилик ва уюшган жиноий гуруҳларнинг фаолиятига чек қўйишга қаратилган тезкор-тергов тадбирларининг барчаси амалдаги қонунчилик нормаларига қатъий риоя қилган ҳолда, прокуратура идораларининг назорати остида ўтказилган.