Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон икки кунлик расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади, дея хабар бермоқда «Азия-Плюс» нашри давлат раҳбари матбуот хизматига таяниб.

Президентнинг сафари 2−3 июнь кунларига мўлжалланган. Ташриф доирасида Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистон олий раҳбарияти билан расмий учрашувлари режалаштирилган, бунинг натижасида бир қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда, дея таъкидлайди матбуот хизмати.

Бўлажак учрашувлар кун тартибидан мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ўрин олган.

Бўлажак ташриф муносабати билан Тожикистоннинг «Ховар» ахборот агентлиги мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзоданинг мақоласини эълон қилди. Унда айтилишича, президентнинг Тошкентга ташрифи доирасида ишбилармонлар учрашувлари, сармоявий форум, минтақавий илмий-амалий анжуман ва қатор маданий тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

Статистик маълумотларга кўра, 2021 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 447,8 миллион долларни ташкил этди, бу 2020 йилга нисбатан 114 миллион долларга (34,2 фоиз) кўпроқдир.

Эслатиб ўтамиз, 13 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси доирасида Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан учрашди. Унда икки давлат ТИВ раҳбарлари Тожикистон президентининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни атрофлича муҳокама қилган эди.