Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши ва кейинчалик Қозоғистон ҳудудини сув босиши муносабати билан Ўзбекистонга норозилик нотасини юбориш масаласи турмаяпти. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди.

Расмий вакилнинг изоҳига кўра, сув тошқини оқибатларини биргаликда бартараф этиш бўйича ҳукуматлар ва чегараолди ҳудудлари раҳбарларининг яқин ҳамкорлигини ҳисобга олиб, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга норозилик нотасини юбормайди.

«Ўзбекистон ҳудудидаги Сардоба сув омборининг сув оқими ва Туркистон вилоятидаги қатор аҳоли пунктларини сув босиши билан боғлиқ вазият ҳукуматимизнинг алоҳида назоратида. Маълумки, 2 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида томонлар мавжуд вазиятни жиддий муҳокама қилишди ва икки мамлакат ҳукуматлари келишилган ҳолда иш юритиши тўғрисида келишиб олдилар», — деди Айбек Смадияров.

Шу ўринда, 6 май куни вазият юзасидан умумий ҳаракатлар алгоритмини ишлаб чиқиш учун Қозоғистон бош вазири ўринбосари Роман Скляр Ўзбекистонга келиши маълум қилинди.

«Туркистон вилояти ҳокими Ўзбекистоннинг қўшни вилоятларига тезкор сафар билан борди ва ўзбек томони билан зарур музокаралар ўтказди, натижалари бугунги ҳукумат йиғилишида хабар қилинди. Маълумки, вазият юзасидан Ҳукумат комиссияси тузилган, унга бош вазир ўринбосари Роман Скляр бош бўлди. Эртага биргаликда ҳаракатлар алгоритмини ишлаб чиқиш учун у [Роман Скляр] Туркистон вилоятига ва Ўзбекистонга учиб боради», — дея қўшимча қилди спикер.

Шунингдек, Айбек Смадияров томонлар ўртасидаги барча алоқалар Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномалар, стратегик шериклик тўғрисидаги шартномалар, шунингдек, Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияларига тўла мос равишда амалга оширилаётгани ҳақида таъкидлаб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни эрталаб Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиши содир бўлди. Сув тошқини натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга зарар етди. Бинолар, йўллар, коммуникациялар вайрон бўлди. Учта тумандаги 22 та қишлоқдан 60 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон билан чегарада жойлашган Мактаарал туманининг 5 қишлоғида 845 та уй ҳамда 7639 гектар пахта майдонлари сув остида қолган. Тошқиннинг дастлабки зарари миқдори 404 млн тенге ёки 955 минг долларни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 5 май куни Қозоғистон оммавий ахборот воситалари экология, геология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Сергей Громовга таяниб Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши сабабли Қозоғистон ҳудудини сув босиши муносабати билан вазият бўйича тўлиқ маълумот бериш ҳамда йўқотишларни қоплашни талаб қилиб расмий хат йўлламоқчи эканлиги ҳақида хабар берганди.