Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори билан боғлиқ фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергенов бошчилигидаги делегация Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида фавқулодда вазиятдан зарар кўрган ҳудудларида бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Бу ерда сув тошқини натижасида юзага келган фавқулодда вазият оқибатлари яна бир карра ўрганилиб, зарур тадбирлар белгилаб олинди.

Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистон тарафидан 209 нафар шахсий таркиб, 169 та қишлоқ хўжалиги, муҳандислик ва ёнғин-қутқарув техникаларидан иборат қўшимча куч ва воситалар мазкур ҳудудга етиб борди.

Ҳозирда фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни эрталаб Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиши содир бўлди. Сув тошқини натижасида Ўзбекистон билан чегарада жойлашган Мактаарал туманининг 5 қишлоғида 845 та уй ҳамда 7639 гектар пахта майдонлари сув остида қолган. Тошқиннинг дастлабки зарари миқдори 404 млн тенге ёки 955 минг долларни ташкил этмоқда.

Шу ўринда, 5 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ушбу кутилмаган техноген офат қўшни Қозоғистонга ҳам ортиқча ташвиш ва зиён етказганидан «жудаям хижолатдамиз», дея таъкидлаб ўтди. «Уларнинг аҳоли яшаш жойлари ва экин майдонлари зарар кўрганидан, албатта, биз жуда афсусдамиз. Биз қозоғистонлик биродарларимизга табиий офат оқибатларини бартараф этишда керакли ёрдам беришга ҳам тайёр эканимизни билдирдик», — деди давлат раҳбари.