Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин Туркистон вилоятининг Мақтаарал тумани Мирзакент посёлкасида учрашув ўтказди, дея хабар берди Қозоғистон ҳукумати раҳбари матбуот хизмати.Ҳукуматлар раҳбарлари Мақтаарал туманинг сув босган ҳудудларини, шунингдек, Жанажол қишлоқ округининг Нурлижол, Оргебас ва Фирдоуси қишлоқларига ташриф буюриб, сув тошқини оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларнинг бориши билан танишди.

Авария-қутқарув ва кечиктириб бўлмас ишларда 1300 дан зиёд киши ва 220 дона техника, жумладан, Ўзбекистондан 200 нафардан зиёд мутахассис ва 100 тага яқин ўт ўчириш машиналари, экскваторлар, тракторлар, сув насослари ҳамда бошқа техник воситалар фаолият кўрсатмоқда, дейилади хабарда.

Мақтаарал тумани маъмурий маркази — Мирзакент посёлкасида — бош вазирлар янги микрорайион қурилиши режаси билан танишиб, маҳаллий аҳоли билан учрашди ва биринчи уйларнинг пойдеворини қуйиш маросимида қатнашди.

Мирзакент посёлкасида Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши натижасида юзага келган сув тошқинидан жабрланган Женис, Жанатурмис ва Достик аҳоли пунктларида яшаган 500 та оила учун якка турар жойлар, мактаблар, болалар боғчаси ва фельдшерлик пунктларини қуриш режалаштирилмоқда.

Абдулла Арипов ва Аскар Мамин Фирдоуси қишлоғида вайрон бўлган уйларни қайта тиклаш ишларининг боришини кўздан кечириб, маҳаллий аҳоли билан учрашув ўтказди.

5 май ҳолатига кўра, Мақтаарал туманида 845 та уй сув остида қолди, 30 мингдан ортиқ фуқаро эвакуация қилинди. Дастлабки маълумотларга кўра, 7639 га экин майдонини сув босган. Аниқ зарар миқдори кейинроқ эълон қилинади, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги.