«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати 9 май санасини ортиқча сиёсийлаштирмай, андозалаштиришга берилмай, вазмин ва жамият қадриятларига таянган ҳолда нишонлашни таклиф этди. Баёнотда келтирилишича, ушбу сана жамият учун тинчликнинг қадрига етиш куни сифатида қадриятга айланиб қолган ҳамда халқимиз уруш ва тинчликда кўрган катта фожиалардан хулоса чиқариши керак.

Ташкилотнинг фикрича, Ўзбекистонда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланади. Ҳар йили май ойи бошларида турли расмий ва норасмий доираларда ушбу кунни сиёсийлаштиришга бўлган ҳаракатлар кузатилади. Бизнингча, Ўзбекистон учун 9 май қандай чуқур қадриятларни акс эттиришини халқаро ҳамжамият тушуниши муҳим.

Биринчидан, ушбу кунда инсоният тарихидаги энг даҳшатли ва қонли Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ярим миллиондан зиёд ўзбекистонликларнинг руҳи хотирланади.

Иккинчидан, 9 май — урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ватандошнинг жасоратини, фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилган ўзбек халқининг бағрикенглигини англаш ва қадрлаш куни.

Учинчидан, бу кунда Жаҳон урушидан олдин ва кейинги тарихда Ватан тинчлиги ва равнақи учун жонини фидо қилган барча аждодлар хотирланади. Ҳаёт бўлганларига эса ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади, қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.

«9 май — фашизм устидан қозонилган ғалаба кунигина эмас, балки халқимиз уруш ва тинчликда кўрган катта фожиалардан хулоса чиқариш, бугунги тинчликнинг қадрига етиш куни сифатида жамиятимиз онгу шууридан жой олган қадриятдир. Шунинг учун, 9 май санасини ортиқча сиёсийлаштирмаслик, андозалаштиришга берилмаслик, вазмин ва жамиятимиз қадриятларига таянган ҳолда нишонлаш — энг тўғри ва маъқул йўлдир», — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан республикада ҳарбий парад ўтказилмаслиги айтилган эди. Шунингдек, Қозоғистон Мудофаа вазирлиги ҳам Иккинчи жаҳон урушида ғалабага эришилган кунга бағишлаб ҳарбий парад ўтказмаслигини маълум қилган эди.