Қозоғистон Мудофаа вазирлиги 9 май — Иккинчи жаҳон урушида ғалабага эришилган кунга бағишлаб ҳарбий парад ўтказмаслигини маълум қилди.

«2022 йилда Қозоғистон Республикасида Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва 1941−1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида ғалаба қозонилган кун муносабати билан ҳарбий парад ўтказилиши режалаштирилмаган», — дейилади вазирлик хабарида.

Шу билан бирга, мамлакатда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва Қозоғистон Қуролли кучларининг фахрийларини эъзозлаш бўйича ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларини ўтказиш режалаштирилгани маълум қилинди. Республика бўйлаб жами 50 га яқин ана шундай тадбирлар бўлиб ўтиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда 7 май давлат Қуролли кучларининг ташкил топган куни сифатида нишонланади.

vlast.kz нашрининг ёзишича, Қозоғистонда 2019 йилдан буён 7 май санасида ҳарбий парад, пандемия бошланганидан буён эса 9 май байрами ўтказилмаган. Аммо ўтган йили Берик Уали (ўша пайтда президент матбуот котиби бўлган) 9 май санасини нишонлаш 2022 йилга кўчирилганини айтган.