Ўзбекистонда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ҳарбий парадлар ўтказилмайди. Бу ҳақда Миллий матбуот марказида Мудофаа вазирлиги вакиллари иштирокида ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Вазирликнинг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Ойбек Мамадалиевнинг сўзларига кўра, республикада мазкур санага бағишланган байрамлар бошлаб юборилган.

«9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрамлар нафақат Мудофаа вазирлигида, балки бутун республикада давом этмоқда. Айнан қарияларни қадрлаш, уларга ҳурмат кўрсатиш мақсадида бутун мамлакатда тадбирлар бошлаб юборилган», — деди у.

Шунингдек, у мазкур байрам муносабати билан ҳарбий парад ўтказиш назарда тутилмаганини маълум қилди.

«Олдин ҳам парад бўлмаган. Ўтган йили ҳам, ундан олдинги йиллар ҳам бўлмаган бу нарса. Ҳарбий парад бўлиши масаласида ҳеч қандай маълумот йўқ», — дея таъкидлади Ойбек Мамадалиев.