Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ва олий таълим вазирларига икки ой муддатда техникумлар бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқишни буюрди. Бунда барча техникумлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилиши белгиланди, деб хабар бермоқда президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Бунда:

  • аграр соҳадаги барча техникумлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилади;
  • кластер ва бошқа йирик қишлоқ хўжалиги корхоналари билан ҳамкорликда техникумлардаги ўқув дастурлар, методологияси, дарсликлар ва амалиёт тизими бутунлай қайта кўриб чиқилади;
  • техникумлар янги ташкил этиладиган агрохизматлар марказлари билан узвий боғланади.

Йиғилишда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Аграр университет билан тизимдаги коллеж ва техникумларнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаши зарурлиги таъкидланди.

Қайд этилишича, бугунги кунда Жиззах, Тошкент ва Фарғонада 3 та қишлоқ хўжалиги техникумини модернизация қилиш бошланган.

«Лекин қолган 31 та техникум ва коллеж билан, 83 та касб-ҳунар мактаби билан қачон шуғулланамиз?» — деган саволни ўртага ташлади президент.

Ўз навбатида, давлат раҳбари янги Халқаро қишлоқ хўжалиги университети 2022−2023 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлаши зарурлигини қайд этди. Университетдаги биринчи ўқув йилида 7 та мутахассислик бўйича 200 нафар талаба ўқитилиши таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Англиянинг Қироллик қишлоқ хўжалиги университетида (Royal Agricultural University) Ўзбекистонда Халқаро қишлоқ хўжалиги университетини ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказаётгани ҳақида хабар берган эдик.