Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси Англиянинг Глостершир штатидаги Сайренсестер шаҳрида жойлашган Қироллик қишлоқ хўжалиги университетида (Royal Agricultural University) музокаралар ўтказди.

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, ташрифдан мақсад Ўзбекистонда ташкил этилаётган Халқаро қишлоқ хўжалиги университети учун таълим дастурлари ва бошқа масалаларни ишлаб чиқишдан иборат бўлган.

Делегацияга Тошкент давлат аграр университети ректори маслаҳатчиси лавозимига тайинланган профессор Мунира Аминова бошчилик қилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари билан биргаликда RAU проректор ўринбосари профессор Нил Равенскрофт, RAU Қишлоқ хўжалиги мактаби раҳбари Филип Хадсон ва тадқиқот директори профессор Марк Хортон билан учрашди.

Делегация университетнинг талабалари, ўқитувчилари ва бошқа ходимлари билан учрашишди, талабалар шаҳарчаси ва университет хўжалигининг Farm491 агротехнологик инкубаторида бўлиб, инфратузилма билан танишишди. Шунингдек, делегацияга янги виртуал ўқув муҳити ва RAU талабаларининг ҳамкор университетлар билан масалан, Хитойда ўқитишда муваффақиятли қўлланилган бошқа инновациялар намойиш этилди.

RAU — Буюк Британиядаги энг қадимги қишлоқ хўжалиги университети бўлиб, 1845 йилда ташкил этилган. У Уэлсь шаҳзодаси қироллик ҳомийлигида. Университет билан ҳамкорлик бўйича музокаралар шу йил бошида бошланган эди.

Ёзда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қироллик қишлоқ хўжалиги университети RAU ва Vytautas Magnus University (VDU) ўртасида уч томонлама ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, унинг асосида халқаро университетни яратиш ва фаолиятини йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Шунингдек, меморандумда университетлар ўртасида ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда фермерлар ва фермер хўжаликлари маслаҳатчиларининг малакасини ошириш ва алмашиш дастурларини амалга ошириш, лойиҳа ва дастурлар ишлаб чиқиш, қўшма илмий тадқиқотларни ўтказиш кўзда тутилган.