«Газета.uz» ўз мамлакатларини тарк этиб, Ўзбекистонга кўчиб ўтишга қарор қилган Россия, Беларусь ва Украинада истиқомат қилганлар ҳақида туркум материалларни тақдим этади. Туркумлар доирасида улар мамлакатга келганидан бир ой ўтгач, ҳаёт қандай ўтгани, бу жараёнда дуч келган қийинчиликлар ҳақида сўзлаб берамиз. Қаҳрамонлар ўз таассуротлари, Ўзбекистондаги ҳаётнинг ижобий ва салбий томонлари, келажак режалари билан ўртоқлашадилар.

Даниил, 32 ёш, IT-мутахассис

Череповецда туғилганман. У Вологда вилоятидаги шаҳар, бизда кўплаб заводлар ва шунга яраша экология мавжуд. Мактаб йилларида оиламиз билан Калининградга кўчиб ўтдик. Сўнгги 10 йил давомида эса оилам билан УАЗ автомашиналари ишлаб чиқарадиган ўртача Уляновск шаҳрида яшайман. Бу шаҳарда IT-компаниялар ва IT-ҳамжамият фаоллигидан бошқа ҳеч қандай ажойиб нарса йўқ.

Мен IT-мутахассисман — халқаро бозорда фаолият юритувчи Уляновскдаги йирик IT-компаниясида стажёрликдан техник директор лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтдим. Сўнгги уч йил давомида АҚШдаги халқаро IT компанияси билан шартнома асосида дастурчилик ва менежмент билан шуғулланмоқдаман — биз очиқ кодли маълумотлар базалари (open-source) билан ишлаймиз.


Ўғли билан япон боғида сайр

Кетиш учун бир нечта сабаблар бор эди, лекин асосий триггер, албатта, барчага маълум бўлган воқеа ва киритилган санкциялар ҳам бўлди. Мен антимилитаристман, кескин вазиятларни ёқтирмайман. Бу мен севадиган ишимга катта таъсир кўрсатаётган эди.

Турли йўналишлар устида ўйладим. Чипталарни сотиб олганимда, рейслар ҳали бекор қилинмаган эди, аммо воқеаларнинг бундай ривожланишини олдиндан сезиш мумкин эди. Мен бир кунга ҳам Истанбул, ҳам Тошкентга чипта сотиб олдим — у ерда ҳам, бу ерда ҳам дўстларим, ҳамкасбларим бор эди. Истанбулга парвоз бекор қилинди, шунинг учун Тошкентга келдим. Ёлғиз учдим, чунки қаерга учишимни билмасдим. Бир ой ўтгач, хотиним ва ўғлим ҳам олдимга учиб келишди.

Мамлакат танлашга жиддий ёндашдим. Мен учун қуйидаги омиллар муҳим эди: тил, одамлар, виза масалалари, юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш имконияти, банклар фаолияти ва валюта назорати, шаҳар инфратузилмаси, маданият ва ҳаёт сифати, қулайлик ва парвоз вақти. Ўзбекистон менга мос келди. Бу ерда жуда кўп ижобий ҳис-туйғуларни бошдан кечирдим. Тошкент, мана бир ойдирки, кутганимдан ҳам яхшироқ чиқди.

Европа ва АҚШ санкциялари масофадан фаолият кўрсатадиган IT-мутахассислар ишини қийинлаштириши мумкин — мен ҳам масофавий форматда ишлайман. Кўпгина компаниялар Россия ҳудудидаги одамлар билан ишлаш ёки Россия банкларига пул тўлашдан бош тортиши мумкин, уларнинг баъзилари санкцияларга ҳам дучор бўлган.

Ўзбекистонда ЯТТ (якка тартибдаги тадбиркор) ёки ўзини ўзи банд қилиш мумкин, банкда хорижий валютада ҳисоб рақами очиш ва хорижий компаниялардан расман тўловлар олишингиз, солиқ тўлашингиз ва шу ерда яшашингиз мумкин. Бу жуда зўр, кўп мамлакатлар буни бу ерда амалга оширилгандек тез ва қулай бажаришга рухсат бермайди. Мен ўзим ҳали фойдаланмаганман, чунки мен шошқалоқликни ёқтирмайман — мен банклар, турли тафсилотлар, солиқ ва тарифларни батафсил ўрганаман.

ЯТТ учун квартирада рўйхатдан ўтиш керак — мен уни бир ҳафта олдин қилдим, бундан олдин туристик рўйхатда турган эдим. Ўйлайманки, апрель охиригача бу ерда рўйхатдан ўтиш ва даромадларни кўчиришни тугатаман. Шуни таъкидлаш керакки, рўйхатдан ўтиш бир кун ва бир неча соатдан кўп бўлмаган вақтни олади.

Ўзим бўлган жойнинг қоида-қонунлари бўйича яшашни яхши кўраман ва осонгина мослашаман. Бирор нарса мени безовта қилганини эслай олмайман — аксинча, ҳамма нарса жуда қулай ва ҳамёнбоп эди. Банкоматлар, дўконлар, транспорт, озиқ-овқат — ҳаммаси жойида.

Саёҳатларга олдиндан тайёргарлик кўришни афзал кўраман: мен борадиган мамлакат ва шаҳарни ўрганаман, хариталарни, шарҳларни яхши кўраман. Тошкентлик ҳамкасбларим менга биринчи марта квартира ва таксилар, дўконлар, валюта ҳақида маълумот олишда ёрдам беришди. Чилонзорда яшаган биринчи ҳафтада онлайн рўйхатдан ўтдим — ҳаммаси жуда қулай эди. Тезкор интернет бор эди, ҳаммаси VPN`сиз ишлади.

Биринчи куни туман бўйлаб сайр қилдим, SIM-карта сотиб олдим, белгиланган нархлари бўлган дўкон ва бир нечта кафе топдим, айирбошлаш шохобчасидан пул — рубль ва доллар — алмаштирдим, банкомат орқали валюта айрибошлашни синаб кўрдим. Натижада менда аллақачон пул, алоқа, квартира ва Интернет бор эди.

Бир ҳафта ўтгач, шаҳарни ўрганиш учун унинг қарама-қарши қисмида арзон квартирани ижарага олдим. Узоқ муддатли ижарага жой топиш учун кўпгина боғлар, кўчаларни айланиб чиқдим. Охирида Экопарк ёнидаги М-1 ҳудудидан квартирани ижарага олдим, олти ойга рўйхатдан ўтдим.

Бу орада ЖШШИРни рўйхатдан ўтказдим ва ЭРИ қилдим — ҳамма нарса жуда тез ва қулай эди. Telegram-каналлар жуда кўп ёрдам бермоқда, у ерда жуда самимий ва куйинчак одамлар бор. Шунингдек, мен релокантлар учун ташкил этилган бир нечта учрашувларда қатнашдим — бу ҳам қизиқарли ва фойдали тадбир бўлди.

Югуришни, шаҳар ва боғларда сайр қилишни яхши кўраман. Тошкентда менга керак бўлган ҳамма нарса бор — у ерда жуда кўп ажойиб парклар ва километрлаб мукаммал пиёдалар йўлаклари мавжуд. Деярли ҳар бир кўчада кичик дўконларнинг кўплиги мени жуда хурсанд қилди. Биз бозорлардан мамнун эдик — уларни аллақачонлар унутиб юборгандим, бу ерда улар жуда яхши экан.

Менимча, Россиядаги йирик савдо марказлари кичик бизнес, бозорлар ва дўкончаларни деярли бутунлай ўлдирди. Тошкентда яхши савдо марказлари ва дўконлар, шунингдек, жуда кўп кичик бизнес бор экан, уларда илтифотли хайрихоҳ сотувчилар сизга керакли нарсаларни сотаркан. Ҳеч қандай хиралик йўқ — бу менга ёқди.

Фасфуд ва маҳаллий кафелар ёқди: қиммат ресторанлар мухлиси эмасман, лекин арзон нархда ош, лағмон ёки кабоб ейиш — зўр нарса. Худди сизнинг тез овқатланиш тармоқларингиз каби — улар жуда мазали таомлар тайёрлашади, мен уларни Ульяновскда филиаллар очишга таклиф қиламан.


Даниил релокантлар билан учрашувда.

Бу ер менга ёқяпти, яшаш учун яхши инфратузилма мавжуд. Тоғларга, сув омборларига ҳали саёҳат қилганим йўқ, Самарқанд, Бухоро, Хива кутмоқда. Бу ерда меҳрибон ва меҳмондўст одамлар бор — қаергадир кетишга ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман.

Ҳозир ўғлимизни боғчага беришни режалаштирмаяпмиз — рафиқам болага қарайди. Ва мактабга ҳали эрта — бу йил у атиги 5 ёшга тўлади. Лекин бу борада қандайдир муаммо йўқлигини ўқидим. Мен тез-тез болалар боғчалари ва мактаблар ёнидан ўтаман, ҳамма нарса тоза. Кўплаб хусусий мактабларни ва хусусий мактаблар рекламаларини кўрдим — умуман, таълим ҳақида қайғурмайман.

Албатта, Россияни жуда тез тарк этдим, у ерда ишларим қолди — келажакда у ерга боришим керак бўлиши мумкин. Қозонга тўғридан-тўғри самолёт борлигидан хурсандман.

Бир йил ичида сўзларимни такрорлай оламанми ёки йўқми, тушуниб етишим учун ёзги жазирамани бошдан кечиришим қоляпти.

Ксения, 27 ёш, журналист

Мен Москвада туғилганман ва бутун умримни ўтказдим. Сўнгги йилларда «Эхо Москвы» радиостанциясида ишладим, бир вақтнинг ўзида магистратурада ўқидим — мен ишчанман, деярли уйда бўлмасдим.

Радиода кино ҳақида ўз рукним бор эди, уни ҳамкасбларим билан олиб борардик: янги кино ҳақида суҳбатлашардик, шарҳлар қилардик — зеро ҳозирда киношуносликка ўқиётгандим. Ўзимнинг подкастим ҳам бор эди, биз уни эндигина бошлагандик: кино ижодкорларнинг кўзи билан қандай ишлаши ҳақида гаплашмоқчи эдик. «Эхо» номи остида уни бошқа чиқара олмаймиз (радиостанция ва сайт тугатилган — таҳр.). Подкастни янгидан бошлаш керак, ёки… Уни ташлаш жуда ачинарли, лекин уни қандай давом эттиришни ҳали ўйлаб кўрмадим.


Ксения Тошкентдаги «Ўзбекистон» меҳмонхонасида олдида.

Биз март ойининг биринчи ҳафтасида кетдик, тўрт киши: мен, эрим ва ҳамкасбим ўзининг йигити билан. Мен эримдан жуда хавотирда эдим — агар чегаралар ёпилса ёки ҳарбий ҳолат жорий этилса, борадиган жой қолмайди. Ва мен ҳамма нарсадан воз кечишга тайёр эдим — шунчаки уни чиқариб юбориш учун.

Биз боришни ўйлаган биринчи йўналиш Грузия эди. Аммо март ойининг биринчи ҳафтасида у ерга чипталар жуда қиммат эди. Мен тушундимки, ҳамма у ерга боради ва у ерда қийин бўлади — ҳамма учун уй-жой етарли эмас.

Биз бошқа йўналишларга қарай бошладик, Урганчни топдик, Тошкентга қарай бошладик. Чипталар одатдагидан қимматроқ эди, лекин бошқа йўналишларга нисбатан нарх анча-мунча адекватроқ эди.

Ҳамкасбимиз Тошкентда туғилгани ва яшаганини эсладик — бу ерда танишлари ҳам бор бўлиб чиқди, биринчи кунларда тунаб қолиш учун жой топса бўларди. Ва шундай бўлди — дугонамизнинг оиласи жуда катта ёрдам берди.

Шармандали томони, мен Ўзбекистон ҳақида умуман ҳеч нарса билмасдим. Ажойиб одамлари бўлган гўзал ва ёқимли мамлакат бўлиб чиқди, бизни жуда илиқ кутиб олишди, ҳамма жойда бизга йўл-йўриқ кўрсатишди ва ёрдам беришди. Мен фақат кимникига келганимиз ҳақида гапирмаяпман. Қайсидир даражада мен жуда уялдим, чунки Москва умуман бундай шаҳар эмас. У жуда ғазабнок, жуда оғир ва мен бутун умрим давомида яшаган одам сифатида буни доимо ҳис қилганман. Бу ерда эса қай даражада москвалик эканлигимни англаб етдим ва одамлар ўртасидаги муносабатларда бу мени ўзимга келтирди.


Ксения Human House`даги сумалак зиёфатида.

Радиода ишлаган тўрт йил давомида бир ой ҳам тўлиқ дам олмадим. Энди қарор қилдим: модомики кетган эканмиз, мен дам олволаман. Охирги вақтларда унча фаол бўлмаган ҳолда иш топишга уринишларни бошладим — ўз резюмемни маҳаллий чатга жойлаштирдим.

Тошкентдаги биринчи кунимизда москваликлар сифатида ҳамма нарсани Москва тезлигида қилишни хоҳладик. Дарҳол SIM-карталарни олишга бордик, ўшанда 7 март — қисқа иш куни эди, бу ҳақда ўйламагандик. Москвада буни ҳис қилмайсиз, ҳар қандай масалани ҳафта охири ёки ҳатто байрам кунида ҳам ҳал қилишингиз мумкин. Бу ерда эса ҳамма нарса бошқача бўлиб чиқди — бу биз учун катта сюрприз бўлди. Ва негадир — сабабини тушунмадик — тушдан кейин бутун Тошкент тирбандликда қолиб кетди ва биз Чилонзордан чиқа олмадик.

Москва йўлларидаги вазият даҳшатли деб ўйлардим. Бу ерда эса ҳаммаси жуда ёмон экан. Мен ҳеч қачон машина ҳайдаган одаммасман, гувоҳномам йўқ, лекин ҳатто мен муаммоларни кўриб турибман. Яшил чироқда пиёдалар ўтиш жойидан ўтмоқчи бўлсангиз, сизга йўл беришмайди. Бу, албатта, мени ҳайратда қолдиради. Ёки чап йўлакдаги машиналар қандай қилиб тўсатдан ўнгга бурилиш учун светофорда йўлни ўзгартиришга қарор қилишади.

Биз такси ҳайдовчилари билан суҳбатлашдик — улар одамларни яхши, меҳрибон, куйинчак эканликларини айтишади, лекин улар рулга ўтиришлари билан бирданига ваҳшийлашадилар. Умуман ҳеч ким қоидаларга риоя қилишни хоҳламайди, ҳатто йўлларда ҳурмат йўқдек. Бир неча бор машиналар тўқнашув ёқасида турганини кўрдим. Аварияларга ҳали дуч келмаганим ҳайратланарли. Машинада вақтимда ҳам авария содир бўлишига оз қолди. Бу мени хафа қиладиган, ҳатто бироз қўрқитадиган нарса.

Мени хафа қилган яна бир ҳолат. Бизда подкаст ёзиш ғояси бор эди, дўстимиз орқали студия излаётгандик. У одамлардан суриштирди ва кейин бизга: бир киши иш жойим сабабли шубҳаланганлигини айтди, бизга унақаси керак эмас, дейишибди.


Ксения Human House`даги сумалак зиёфатида.

Мен ўзим билан контакт линзалари суюқлигини олиб келишни унутибман. Уларни кўриш даражам жуда ёмонлиги учун тақаман. Москвада бундай суюқликлар ҳар қандай дорихонада сотилади. Бу ерда эса уни топишга қийналяпман. Дорихоналар шунчаки нима ҳақида гапираётганимни тушунишмади.

Ижобий таассуротлардан бири банкка борганим бўлди. Москвадан келган одамлар сифатида биз бу ерда ҳамма нарса қандай ишлашини тушунмаймиз. Техник нуқтаи назардан, ҳамма нарса жуда оддий бўлиб чиқди: пул ўтказмасини олиш учун аввал сиз (навбат учун) талонча олишингиз керак, сўнгра буларнинг барчасини расмийлаштириб берадиган одамнинг олдига борасиз, у сизга бош ҳисобчига қўл қўйишга олиб боришингиз керак бўлган қоғозларни беради. Бундайини, эҳтимол, фақатгина болалигимдан эслайман.

Банк ходимлари катта ёрдам беради, ҳаммасини батафсил тушунтиришади: иловани юклаб олиш, унинг қандай ишлашини батафсил тушунтириб беришга тайёр, гарчи ундаги ҳамма нарса интуитив тарзда аниқ бўлса ҳам. Ўйлайманки, Москвада банк билан ўзаро муносабатларимиз тезроқ тугаган бўларди.

Уй-жой масаласига келсак, биз ижара ҳақидаги эълонни топдик ва тезгина ижарага олдик. Уй эгаси жуда куйинчак экан — рўйхатдан ўтишда биз билан юрди. Биз дастлаб туман ички ишлар бўлимига бордик — маълум бўлдики, бизга керак бўлган процедура фақат шаҳарда амалга оширилиши мумкин экан.

Мен тушундимки, бу ерда ҳамма нарса бошқача: бу бошқа мамлакат, ҳамма нарса ўзига хос тарзда амалга оширилади ва буни ҳисобга олиш керак. Шунинг учун, бу ерда мени Москвада ғазаблантирадиган ҳамма нарсадан ҳам ғазабланавермайман.

Уйда асосан ишладим, ўқидим ёки шунчаки ухладим. Шунинг учун менда деярли бўш вақт йўқ эди, фақат кинодан ташқари, у ҳам иш бўлди. Бу ерда ҳордиқ чиқаришимиз жуда хилма-хил бўлмоқда.

Биз квизда бўлдик, кечқурунлари кўпроқ сайр қила бошладим, 139 Documentary Center`га кирдим — у ерда жуда ёқимли оқшом ўтказдик. Фильмни томоша қилгандан сўнг, мунозара бўлди — мен иш жойимдаги шунга ўхшаш тадбирларда тез-тез қатнашган Москвага қараганда анча ишончли муҳитни ҳис қилдим.


Ксения квизда иштирок этмоқда. Фото: Мозгобойня.

Биз кетганимизда кино бизнеси билан боғлиқ санкциялар аллақачон жорий қилинган эди. Шунга қарамай, «Дунёдаги энг ёмон одам» фестиваль фильми Россияда чиқди, лекин бу ерда эмас. Менга Ўзбекистонда фақат кассабоп фильмлар кинотеатрларга чиқишини айтишди.

Кассабоп «Бэтмен» Россияда чиқарилмади, уни шу ерда томоша қилдик. Лекин мен бундай фильмларнинг катта мухлиси эмасман — мен фестиваль киноларини яхши кўраман. Бу ерда томоша қила олмаслигингиз билан қандай курашиш мумкин, мен буни ҳали ўйлаб кўрмадим. Афтидан, қароқчиликка мурожаат қилишингиз керак бўлади — бу биринчи нарса. Иккинчидан, ўзбек видеохизматига обуна бўлганман — биз уни квиздан ютиб олдик. Биринчи ой бепул. Агар шундай эҳтиёж бўлса, узайтирамиз.

Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам иш қидиряпмиз. Албатта, биз фақат Тошкент билан чекланиб қолмаймиз. Уйимизда бўлмаганимиз учун, ҳамма жойдан қидирамиз. Биз ҳозирча шу ерда яшаймиз, кейин эса вазиятга қараб ҳаракат қиламиз.

Релокантлар учун Telegram-чатлар