Россияда «Эхо Москвы» директорлар кенгаши кўпчилик овози билан радиоканал ва сайт фаолиятини тугатишга қарор қилди. Бош муҳаррир Алексей Венедиктовнинг «Интерфакс»га маълум қилишича, мазкур қарор радиоэшиттириш ва «Эхо Москвы» сайти қайта тикланмаслигини англатади.

«Биз тугатиш нима эканлигини билмаймиз. Биз трансляция ва сайтга кириш тикланмаслигини тушунамиз… Тугатиш тўғрисидаги қарор йўқлигимда бор-йўғи 15 дақиқада қабул қилинди, мени йиғилишга таклиф ҳам қилишмади», — деди у.

Алексей Венедиктовнинг фикрича, «Эхо Москвы»ни ёпишни Россия Бош прокуратураси талаб қилмаган.

«Бош прокуратура тақдимномасида кўрсатувлар тўхтатилгунга қадар қонунбузарликларни бартараф этиш зарурлиги айтилган, бироқ тўхтатишнинг ўзи мажбурий эмас эди», — дея таъкидлади у.

Шу билан бирга, унинг фикрича, директорлар кенгаши қарори ҳақиқатда компания акцияларининг 34 фоизига эгалик қилувчи «Эхо Москвы» миноритар акциядорларини эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилади.

«Компания акцияларининг 34 фоизига эгалик қилувчи миноритар акциядорлар бор. Улар аслида эгаликдан маҳрум қилинган. Акциядорлар билан учрашиб, бу борада нима қилиш кераклигини ҳал қиламиз», — деди Алексей Венедиктов.

Бошқарув йиғилишидан бир кун олдин у директорлар кенгаши қандай қарор қабул қилишидан қатъи назар, позицияси ўзгармаслигини ёзган эди. «Бу ерда менинг позициям директорлар ва ҳақиқатан ҳам қарор қабул қиладиганлар учун аниқ — мен бош муҳаррир эканман, таҳририят сиёсати ўзгаришсиз қолади. Мен бунинг учун жавоб бераман», — деб ёзди у.

Шу билан бир қаторда, «Эхо Москвы» ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини давом эттиради.

1 март куни Бош прокуратура Роскомнадзордан «Эхо Москвы» ва «Дождь» телеканалига киришни чеклашни талаб қилиб, ушбу сайтларда «Россия ҳарбий хизматчиларининг ДНР ва ЛНРни ҳимоя қилиш бўйича махсус операция доирасидаги ҳаракатларига оид била туриб ёлғон маълумотлар «мақсадли ва тизимли жойлаштирилгани» ҳақидаги маълумотларини асослаб берган.

Бош прокуратура баёнотида айтилишича, ушбу оммавий ахборот воситаси маълумотлари «экстремизмга, Россия Федерацияси фуқароларига нисбатан зўравонликка, жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлигини оммавий равишда бузишга, шунингдек, Россия Федерацияси фуқароларининг оммавий тадбирларда иштирок этиши, амалдаги қонунчилик талабларини бузган ҳодисалар ва конституциявий тузумни зўравонлик билан ағдаришга даъватларни ўз ичига олади».

3 март куни Google Роскомнадзордан «Эхо Москвы» ва «Дождь» иловаларини ўчириш бўйича сўров олди.

«Эхо Москвы» «Газпром-Медиа» холдинги таркибига киради. Радиостанция 1990 йил 22 августдан бери эшиттиришларни узатиб келади. Фақатгина 1991 йил август ойида Давлат Фавқулодда вазиятлар қўмитаси буйруғи билан расман эфирдан олиб ташланган. Кейинроқ муҳаррирлар эфирни қайта йўлга қўйиб, эшиттиришни давом эттиришга муваффақ бўлишган.