Дам олиш кунлари ёғингарчилик бўлади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет матбуот хизмати.

Бугун, 22 апрель куни республикада илиқ ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Қорақалпоғистоннинг айрим туманларида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади. Кундузи ҳаво ҳарорати +25…+28 даража атрофида бўлади.

Шанба куни Ўзбекистоннинг катта қисмида қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда Волга бўйи ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво кириб келиши ҳисобига қисқа муддатли ёмғир ёғади.

Якшанба куни нам ҳаво массаси Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади. Кўпчилик вилоятларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларидаги баъзи жойларда ёмғир кучли бўлади. Ҳаво ҳарорати бироз пасаяди ва кундузи +20…+25 даражадан юқори бўлмайди.

Республика бўйича баъзи жойларда шамол 17−22 м/с гача кучайиши кузатилади.

Шунингдек, 25 апрель душанба куни ҳам Ўзбекистоннинг марказий ва шарқий ҳудудларида ёмғир ёғиши сақланиб туради. Ўзгидромет 24−25 апрелда тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел келиши хавфи мавжудлигини маълум қилди.