Тошкентда феврал ойининг ўрталаридан буён давом этаётган Космонавтлар майдонини реконструкция қилиш ишлари деярли якунланди. Ишлар жанжал билан бошланган эди, сабаби ҳокимият анъанага кўра, жамоатчиликни хабардор қилмаганди, қурилиш компанияси эса зарур рухсатни олмаганди.

«Газета.uz» мухбири майдонда бўлиб, қурувчилар билан суҳбатлашди, шунингдек, якунда нима ҳосил бўлгани ҳақида тарихчининг фикрини ҳам ўрганди.

Космонавт Владимир Жанибеков ҳайкали билан бирга «Коинот» монументал санъат ёдгорлиги ўрнатилган майдон 12 апрель — Космонавтика кунига бағишлаб янгиланаяпти.

Ўз исмини ошкор қилмасликни сўраган лойиҳа координатори ишлар 9 апрелга қадар якунланиши кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларини шаҳар ҳокимлигидан лойиҳа координатори Муҳаммаджон Маҳмудов ўз номидан тасдиқлашга рози бўлди.


У реконструкция давомида қора, кулранг ва тўқ-кулранг тусдаги 2500 кв. метр атрофида гранит плиталари ишлатилган, улар ёрдамида «нолдан» барча эски плиталар алмаштирилган. Чоршанба куни эрталаб ишчилар майдон атрофига брусчаткаларни ётқизиб чиқаётганди.

Координатор шунингдек, майдон яқинида 500 туп бута экилгани, янги ташқи ёритиш воситалари устунлари ва суғориш тизимлари ўрнатилганини сўзлаб берди. Бу ерда 10 тача ўриндиқ ва аҳлат қутиларини ўрнатиш ҳам режалаштирилмоқда.


Қурилиш ишлари давомида айрим плиталар қайта ишлатиш мақсадида реставрация қилинган, бироқ, уларнинг асосий қисми демонтаж вақтида яроқсиз ҳолга келтирилган. Координатор кимдир 1984 йилда ўрнатилган эски плиталарни ўзининг «дачасига» олиб кетганини инкор қилди.

«Плиталар синиб кетганди. Ким уни ўзининг дачаси учун ишлатади? Масалан, мен ишлатмасдим. Ана у ишчи ҳам уларни олмайди. Қаранг (суратни кўрсатаяпти — таҳр.) бу ерда бирорта бутун плита йўқ. Яна бир жиҳат: эски плиталар бетон қоришмага эмас, балки шағал устида ўрнатилганди. Биз бўлсак, текисладик, сетка қўйиб, мустаҳкамладик, ҳаммаси одамийлик мезони билан қилинди. Улар 10−15 йил туриб беради, агар ундан кўп бўлмаса», — деди у.


Координатор скейтчилар янги қоплама устида «муаммосиз» учишлари мумкинлигини қайд этди. Аввалроқ, майдон силлиқлиги учун ҳам — шаҳарда ролик ва скейт учувчилар энг манзур бўлган ҳудудлардан бири эканлиги ҳақида ёзгандик.

Майдон ўртасида узун чизиқни ҳосил қилиб турган қора гранит плиталар эса 60×40 ҳажмдаги янги плиталарга алмаштирилган. Шу билан бирга, Жонибековнинг бюсти олдидаги чизиқнинг бир қисми қисқартирилган — плиталар ёрқинроқ рангдаги плиталарга алмаштирилган.

«Ëдгорлик яхлитлиги бузилган»

Alerte Héritage Обсерваторияси президенти, Марказий Осиё санъати ва меъморчилиги тарихчиси Борис Чухович «Газета.uz» илтимосига биноан майдон реконструкциясига изоҳ берди.

У сўнгги маротаба майдонга 2021 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида ташриф буюрганини маълум қилди.


Майдон демонтаж бошлангани куни, 2022 йил 13 февраль.

«Менда сифатли фотосуратлар йўқ, лекин ўзим олган фотосуратларда гранит зинапоялар ва „стилобат“, умуман олганда, яхши ҳолатда бўлганлигини кўришингиз мумкин, гарчи уларда кичик ёриқ ва тешиклар бўлса-да (эҳтимол, майдонда учишни одат қилган скейтбордчилар бунга вақтдан кам бўлмаган миқдорда ҳисса қўшишган). Ушбу нуқсонлар фойдаланиш учун муҳим ҳам эмас эди: умуман олганда, майдоннинг марказий қисмини безашда ишлатилган тош вақт синовидан яхши ўтди ва уни қаришининг ҳақиқийлиги унга ўзига хос аурани берганди», — деди Борис Чухович.

Марказий гранит қисми атрофидаги плитка қопламаси мукаммал эмас эди ва, эҳтимол, яхшиланишга муҳтож бўлган. «Вақт ўтиши билан плита ётқизмалари нотекислиги вақт ўтиши билан янада ёмонлашиб, ўтиб-қайтувчилар, айниқса каблукда юрувчилар учун муаммога айланиши мумкин эди», — деди тарихчи.

Жонибековнинг бюсти атрофидаги қора гранит ҳақиқатан ҳам бадиий ечимнинг элементи эди, деб тасдиқлади Борис Чухович.

Майдоннинг олдинги кўриниши. Манба: Google харита.

«Мен унинг метафорологик маънолари ҳақида гапирмайман — ҳар ким унга ўзининг шахсий ассосацияларини сингдириш ҳуқуқига эга, бироқ, аммо ҳайкални унинг орқасидаги ҳайкалтарошлик композицияси билан композицион боғлаш учун зарур эди. Қора «стилобат»ни бироз кулранг тош билан алмаштириш орқали қурувчилар майдонни асл яхлитлигидан маҳрум қилишган», — дея таъкидлади у.


«Шу тарзда реконструкторлар муаллифларнинг асл бадиий ғояларига етарлича эътибор бермаган ва ёдгорликнинг яхлитлигини бузган», — деди Alerte Héritage обсерваторияси раҳбари.


Тарихчи реконструкция сифатини бир неча йилдан сўнг, бир қанча ёмғирли ва қорли мавсумлардан ўтгач баҳолаш мумкин деб ҳисоблайди.

«Ташкилий томонига келсак, менга ҳокимият шаҳарликлар фикрига таянмасдан, фақат ўзига таянган ҳолда ўзбошимчалик билан ҳаракат қилишда давом этаётгандек туюлди», — деди у.

«Ишончим комилки, бу каби ишларни амалга оширишдан аввал аҳоли ва мутахассислар билан маслаҳатлашувлар ўтказиш, қабул қилинган қарорлар ҳақида олдиндан хабар бериш, жамоатчилик ва архитектура устахонасига реконструкция лойиҳасини тақдим этиш зарур — ўшанда ҳамма ўзини содир бўлаётган воқеаларни сукут билан кузатаётгандек эмас, балки сўзсиз ушбу жараёнинг иштирокчиси ҳамда тўлақонли фуқародек деб ҳис қилади», — дея таъкидлади Борис Чухович.

Хронология

13 февраль «Газета.uz» Космонавтлар майдонида гранит плиталар демонтаж қилинаётгани ҳақида хабар берди. Мажмуа монументал санъат ёдгорликлари рўйхатига киритилган. Ишлар бошлаб юрилгач пудратчи Mimar Group қурилишни Маданий мерос агентлигининг рухсатисиз бошлагани маълум бўлди.


Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов айтишича, якшанба куни бўлганлиги учун лойиҳа ҳақида олдиндан хабар берилмаган. У шаҳар ҳокимлиги аҳолига қулайлик яратиш мақсадида «яхши мақсадларни кўзлагани»га ишонтиришга уринди. Кейинроқ, шаҳар ҳокимлиги майдоннинг янги қопламаси оч рангда тасвирланган лойиҳа эскизларини эълон қилди. «Газета.uz» танқидидан сўнг, ҳокимият мутахассиси Азизбек Қурбонов майдоннинг қора плиталар ётқизилган қисми сақланиб қолишга ишонтирганди.

15 февраль куни воқеа жойига келган Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Космонавтлар майдонини «чиройли қилиш учун» унга 10 кун вақт беришларини сўраганди. «Ўн кун сабр қилинг. Агар нотўғри бўлса, мени ҳар қанча айблашларингга розиман», — деганди шаҳар ҳокими. У шунингдек, қурилиш ишлари давлат бюджетидан эмас, балки ҳомийлик асосида (аввалроқ, лойиҳани Akfa компанияси молиялаштириши айтилганди) қилинаётганини қайд этганди. Натижада ишлар 50 кундан кўпроқ вақт талаб қилди.

Реконструкция ишларида Mimar Group (ОАВ маълумотларига кўра, Akfa компаниялар гуруҳи таркибига тегишли) компаниясидан ташқари, Flowers Garden ва Durable Beton ҳам қатнашмоқда. Сўнгги икки товар белгиси Durable Management (Durable Group, ўзида Durable Beton, Grand Road Tashkent, City Net IT Engineering, Сonstant Chemicals`ларни жамлаган) компаниясига тегишли. Унинг товар белгисига эга Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг J-United Group компанияси эгалик қилади.