Тижорат банкларининг «Ягона умумреспублика процессинг маркази» МЧЖдаги (ЯУПМ, Uzcard бренди) улуши бир ой муддатда Давлат активларини бошқариш агентлигига (ДАБА) ўтказилади. Ўзбекистон президентининг 18 мартдаги (ПҚ-168) Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш тўғрисидаги қарорида бу ҳақда сўз боради.

25 март ҳолатига кўра, компания акцияларининг 51 фоизи Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига (Ўзмиллийбанк), 6 фоизи «Ўзсаноатқурилишбанк», 6 фоизи «Асака» банки, 6 фоизи «Ипотека-банк» ва 6 фоизи «Алоқабанк»га тегишли.

Қолган 25 фоизи (ҳар бири 6,25 фоиздан) тўрт нафар жисмоний шахс — Мансур Пўлатович Усмонов, Камрон Анварович Акбаров, Тимур Махмуджанович Азадов ва Обид Алимжонович Агзамходжаев ўртасида тақсимланган.

«Газета.uz» 2020 йил август ойида президентнинг куёви Ойбек Турсунов Uzcard таъсичилари сафидан чиққани ҳақида ёзди. У ўша йилнинг май ойида компания устав капиталидаги 75 фоиз улуш эгасига айланганди.

Қарорга кўра, «Тошкент» Республика фонд биржасидаги «Асакабанк», Халқ банки, «Ўзсаноатқурилишбанк» ва Ўзмиллийбанк улуши (барчаси 6,3 фоиздан) ҳам ДАБАга ўтказилади.

Шунингдек, агентлик «Қишлоққурилишинвест» инжиниринг компанияси, «Ўзметкомбинат», «Ангрен логистика маркази», «Средазэнергосетьпроект», «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ва «Омонхона» санаториясидаги улушларни ҳам ўзига олади.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Худди шу ҳужжатда Mobiuz уяли алоқа операторини 2023 йилнинг апрелигача хусусийлаштириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, ун комбинатлари, «Ўзагросервис», «Ўзагрокимёҳимоя» объектлари ва бошқа давлат активлари ҳам кимошди савдосига қўйилади. Бундан ташқари, «Қишлоқ қурилиш банк», «Ўзсаноат қурилиш банк», «Асакабанк», «Халқ банк», «Микрокредитбанк», «Ўзмиллийбанк» ва бошқа банкларни хусусийлаштириш ва IPO ўтказиш муддатлари белгиланди.