«Ягона умумреспублика процессинг маркази» МЧЖнинг (Uzcard бренди) таъсисчилари таркибида ўзгариш бўлди. Бу бўйича маълумот Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги тадбиркорлик субьектлари ҳақидаги маълумотлар бўлимида берилган.

Май ойида Ойбек Турсунов Uzcard устав фондидаги 75 фоиз улушга эга бўлгани ҳақида хабар бергандик. Олдинроқ ушбу 75 фоиз улуш, Uzcard директори Махмудов Ахрор Аброровичга тегишли эди. Қолган 25 фоиз эса МЧЖнинг ўзига тегишли.

8 август ҳолатига кўра, компаниядаги 51 фоиз улуш Ўзбeкистон Рeспубликаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки АЖга («Ўзмиллийбанк») ҳамда 6 фоиздан — «Ўзсаноатқурилишбанк», «Асака» банк, «Ипотека-Банк» ва «Алоқабанк"ка тегишли.

Улушнинг қолган 25 фоизи тўрт кишига (ҳар бири 6,25 фоиздан) — Мансур Пeлатович Усмонов, Камрон Анварович Акбаров, Тимур Маҳмуджонович Азадов ва Обид Алимжонович Агзамходжаевга тегишли.

Камрон Акбаров олдинроқ Uzcard бош директорининг молиявий масалалар бўйича ўринбосари сифатида ишлаган, Темур Озодов эса жамоат транспортида автоматлаштирилган тўлов тизимини татбиқ этиш билан шуғулланувчи АТТО компанияси раҳбари ҳисобланади.

Ахрор Махмудов Uzcard компаниясининг раҳбари лавозимида қолди.