Ўзбекистон фуқароларини Украинадан Польша ҳудуди орқали эвакуация қилиш жараёни ўз ниҳоясига етди, дея хабар бермоқда «Дунё» АА.

Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Баҳром Бобоевнинг сўзларига кўра, бу жуда мураккаб ва хавотирли давр бўлди «Дунё» ААга эвакуация қилиш жараёнлари қандай кечгани ҳақида сўзлаб берди.

«Львов шаҳрида тўпланган Ўзбекистоннинг дастлабки ўттиз нафар фуқароси 27 февраль куни эрталаб „Краковец-Карчова“ назорат-ўтказиш пункти орқали Украина-Польша чегарасини кесиб ўтди. Куннинг ўрталарига келиб оқим кўпая бошлади ва кечга борибоқ Польша ҳудудидаги назорат-ўтказиш пунктида 400 нафарга яқин одам тўпланди. Мамлакатимиз фуқаролари орасида болали аёллар, талабалар, Украинада вақтинча ўқиган ёки ишлаган компаниялар ходимлари бор эди», деди у.

Элчининг таъкидлашича, чегарада асосан Украина фуқароларидан иборат қочқинлар гуруҳлари тўпланган ва Польшага ўтиб олиш учун салкам 20 соатгача кутишга тўғри келган.

Варшавадаги элчихонада тузилган штаб 18 кун давомида туну кун ишлаган. «Жамғариш пунктида Ўзбекистон фуқароларининг тунашлари учун барча шароитлар ташкил этилди — иссиқ кўрпалар етказилди, зарур тиббий ёрдам кўрсатилди, иссиқ овқат ташкил этилди», — деди Баҳром Бобоев.

28 февраль куни биринчи самолёт Катовице шаҳри аэропортидан Тошкентга учиб кетди. Ҳар куни «Uzbekistan Airways» тасарруфидаги 2−3 та махсус самолёт Тошкентга учди. Польшадан ҳаммаси бўлиб 25 авиарейс воситасида 5786 нафар фуқаро Ўзбекистонга етказилди.

«Дастлаб Ўзбекистонга учишни хоҳловчилар сони 1,5−2 минг нафардан ошмаслиги тахмин қилинган эди, бироқ Украинадаги тез ўзгарувчан вазият бу тахминларга мос келмади. Одамларнинг келиши оқими кун сайин ўсиб борди, 2−4 март кунлари эса уларнинг сони жуда кўпайди — ўша кунлари тўпланиш нуқтаси ва аэропортнинг ҳар бирида Ватанга учишни истаётган 700−800 нафардан одам тўпланди», — деди элчи.

Бундан ташқари, турли сабабларга кўра ёнида зарур ҳужжатлари бўлмаган фуқароларга консуллик томонидан ватанга қайтишлари учун 322 та гувоҳнома берилган.

Баҳром Бобоевнинг сўзларига кўра, бошқа давлатлар орасида Ўзбекистон Украинадан ўз фуқароларини биринчи бўлиб эвакуация қилди. «Ушбу масъулиятли ва инсонпарварлик ташаббуси Польша раҳбарияти, хусусан, мамлакат президенти, Ташқи ишлар вазирлиги ва парламенти томонидан юқори баҳоланди», — деди у.

Унинг қўшимча қилишича, бундай форс-можор ҳолатлар тез-тез содир бўлмайди ва бу ҳолатда [коронавирус] пандемия бошланганидан кейин фуқароларни эвакуация қилиш бўйича тўпланган тажриба ас қотган.

Таъкидланишича, фуқаролар хоҳлаган тақдирда жанговар ҳаракатлар тугаганидан кейин Украинага қайтишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» 25 февралда Ўзбекистон Украинадаги фуқароларини Польша орқали эвакуация қилиши ҳақида ёзганди. Эртаси куни Украинада 90 нафардан зиёд Ўзбекистон фуқароларидан иборат биринчи эвакуация гуруҳи Польша чегарасига қараб йўлга чиқди.