Тошкент вақти билан соат 20:30 да 90 нафардан зиёд Ўзбекистон фуқароларидан иборат биринчи эвакуация гуруҳи Укрананинг Львов шаҳридан Польша билан чегарадаги «Краковец» назорат-ўтказиш пунктига қараб йўлга чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ вакили Юсуп Кабулжанов Украинадаги элчихона хабарига таяниб маълум қилди.

Қайд этилишича, чегарани кесиб ўтиш Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси билан ҳамкорликда мувофиқлаштирилмоқда.

Хабарга Украина-Польша чегараси томон йўл олган Ўзбекистон фуқаролари томонидан тақдим этилган видеоёзувлар илова қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Россия Украина ҳудудига бостириб кирган 24 февраль куни Украинада 4300 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлиб тургани, шунингдек, ўзбекистонликларни эвакуация қилиш режаси ва мамлакатни тарк этмоқчи бўлганлар рўйхати тузилаётгани маълум қилинган эди.

Кейинроқ фуқаролар Польша орқали эвакуация қилиниши айтилди. 26 февраль куни эса Украинанинг марказий вилоятларидаги ўзбекистонликларни Львовга хавфсиз етказишни вақтинча иложи бўлмаётгани маълум қилиниб, бунга шаҳарлар ўртасида автомобиль ва темир йўл алоқалари тўхтатилгани сабаб қилиб кўрсатилди.