16 март куни Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов TikTok компанияси вице-президенти Тео Бертрам билан онлайн учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Шунингдек, учрашувда Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (Ўзкомназорат) ва Давлат персоналлаштириш маркази масъул ходимлари ҳам иштирок этди.

«TikTok бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Компания вакиллари Ўзбекистонда ҳам шундай лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди», — дейилади хабарда.


Учрашув давомида «Ўзбекистонда платформадан фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларини бажариш масалалари ҳам муҳокама қилинди».

Компания вакиллари «платформа орқали Ўзбекистон қонунларига зид ҳар-хил материаллар тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳамкорликда ишлашга тайёр эканлигини билдирди».

«АКТ вазирлиги томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида, компания вакилларига Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиш бўйича таклифлар берилди», дейилади АКТ вазирлиги хабарида.

2021 йил июль ойида «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонунни бузгани учун Twitter, TikTok, «ВКонтакте», WeChat ва Skype мессенжерига киришни чеклаган эди.

16 март куни TikTok, Twitter ва «ВКонтакте» ресурслари VPN`сиз эркин очила бошлади, бироқ, салдан кейин уларга кириш қийинлашди.

Ўтган йилнинг декабрида Тео Бертрам билан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам музокара ўтказганди. Ўшанда ҳам TikTok вақтинча ишлаб кетганди, бироқ кейин яна очилмай қолганди.

«Шу ва бунга ўхшаш компаниялар фаолиятини чеклаш эмас, балки улар билан яқиндан мулоқот, ҳамкорлик ўрнатган ҳолда ишлаш ҳамма учун кўпроқ манфаатли ва тўғрироқ бўлади деб ўйлайман», — деганди Комил Алламжонов.

Маданият вазирлиги TikTok`ни зарарли дея атаганди, иккита сиёсий (Миллий тикланиш ва Адолат) партия эса уни мамлакатда тақиқлашни таклиф қилди. TikTok ва бошқа ижтимоий тармоқларни адлия вазири Русланбек Давлетов ва Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳимоя қилганди.